Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ҳузурида кенгайтирилган тезкор йиғилиш ўтказилди
2024-11-27 10:50:00 / Янгиликлар
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ҳамда бошқа масалаларга бағишланган кенгайтирилган тезкор йиғилиш ўтказилди.
Танқидий-таҳлилий тарзда ўтган йиғилишда бошқарма бошлиғининг барча ўринбосарлари, соҳавий хизматлар, туман-шаҳар ИИБ бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, ИИВ Қоровул қўшинлари 7536-ҳарбий қисм, 6-сон минтақавий ҳудуд 4-сон Тергов ҳибсхонаси, 1, 17, 20-сонли жазони ижро этиш муассасалари ҳамда Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиқлари иштирок этишди.
Йиғилиш якунида бошқарма бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов кўриб чиқилган ҳар бир масала юзасидан ўзининг бир қатор таклиф ҳамда тавсияларини билдириб, жараёнда ҳудудий ички ишлар органлари ва жазони ижро этиш муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни изчил йўлга қўйиш, чегара туманларда профилактик тадбирларни кучайтириш, ҳушёрхоналарнинг ишлашини алоҳида назоратга олиш, ижтимоий-сиёсий вазиятга таъсир қилувчи маълумотларни тезкорлик билан аниқлаб, зудлик билан манзилли чоралар кўриш, аниқланадиган жиноятларни иссиқ изидан фош этиш, яшаш, ишлаш, ўқиш ёки бошқа сабаблар билан узоқ муддатга чет элга чиқиб кетган ёки қайтиб келган фуқаролар билан манзилли ишлаш, уларнинг мавжуд муаммоларига ечим топиш, ўғирлик, фирибгарлик ҳамда кибержиноятчилик, диний экстремизм йўналишида тарғибот тадбирларини кучайтириш юзасидан топшириқлар берди.
Кўтарилган ҳар бир масала юзасидан тегишли соҳавий хизматлар масъуллари, ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарларига шахсий жавобгарликни ҳис қилган ҳолда қўл остидаги ҳар бир ходимнинг хизмат фаолиятини кундалик назорат қилиб, интизом, фидойилик билан хизмат олиб бориш, иш самарадорлигига эришиш лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати