Қорақалпоғистон Республикаси. Бўзатовда жиноятчилик камаймоқда
2024-11-05 22:00:00 / Янгиликлар

Бўзатов деганда кўпчиликнинг хаёлига, беихтиёр, қорақалпоқ халқининг буюк шоири Ажиниёз Қўсибой ўғлининг “Бўзатов” поэмаси келади.
Ушбу асар фақат жой номи билан боғлиқ бўлиб қолмасдан, унда ўша даврдаги кескин ижтимоий-сиёсий жараёнлар ўзининг ёрқин ифодасини топган.
Туман 1979 йилда ташкил топган. 2004 йили Кегейли тумани таркибига қўшилган туман 2019 йил сентябрь ойида яна қайта ташкил этилган. Умумий майдони 2035,44 кв. км. бўлган Бўзатов Мўйноқ, Қўнғирот, Қонликўл, Кегейли, Чимбой ва Нукус туманлари билан чегарадош. Маркази — Қозонкеткан шаҳарчаси.
Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи ходимлари ҳам зиммаларидаги вазифаларни ўз вақтида, тўлақонли бажариб келишмоқда.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида 431 нафар фуқарога хорижга чиқиш паспорти, 1275 нафарига эса ID-карталар берилган. Шу билан бирга, МДҲ давлатлардан келган 49 нафар чет эл фуқароси вақтинча рўйхатга қўйилган.
21 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган туманда бугунги кунда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда қатор ижобий натижалар қўлга киритилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи давомида ҳудудларда олиб борилган ишлар натижасида умумий жиноятчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,3 фоизга камайишига эришилди. Албатта, бунда “маҳалла-туман” тамойили асосида жойларда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда профилактик тадбирлар тўғри йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳудудда 5 та фуқаролар йиғини мавжуд. Улардан 3 таси “яшил”, 2 таси “сариқ” тоифага киритилган, -дейди туман ИИБ бошлиғи, полковник Умида Курбанбаева. Айни пайтда барча фуқаролар йиғинларини жиноятдан ҳоли ҳудудларга айлантириш мақсадида ҳамкорликда қизғин иш олиб бориляпти.
Ҳудудларга бириктирилган профилактика инспекторлари томонидан шу пайтга қадар ҳуқуқбузарликлар юзасидан 784 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликка учраган 46 нафар хотин-қизга ҳимоя ордерлари берилган.
Туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан ўтган вақт мобайнида 7 та жиноят иши тергов қилиниб, судга оширилган. Содир этилган жиноят ҳолатларини таҳлил қилиб қарайдиган бўлсак, улардан 4 таси ўғрилик, 2 таси фирибгарлик, 1 таси ноқонуний ов қуролини сақлаш билан боғлиқ эканини кўришимиз мумкин.
Жиноятларни фош этишда терговчидан юқори касбий билим, қолаверса, зийраклик ва эътибор талаб қилинади. Чунки жиноятда аҳамиятсиздек кўринган кичик бир деталнинг ўзи унинг очилишида асқатиши мумкин.
Шу боис мазкур жиҳатларни соҳавий хизмат ходимларида мустаҳкам қарор топтиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Туман ИИБда самарали хизмат қилиб келаётган ёш ходимлардан бири Жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили, катта лейтенант Шаҳзод Жумамуратовдир. Ёш ходим қисқа фаолияти давомида 4 та жиноятни очишга муваффақ бўлди. Ўтган йили Қорақалпоғистон Республикаси миқёсида ўтказилган кўрик-танловда муваффақиятли иштирок этиб, “Энг яхши тезкор ходим” номинацияси ғолибига айланди.
Бугунги кунда жойлардаги муаммоларни ҳал этишда секторлар фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда. Туман 3-секторига бириктирилган “Кўксув” овул фуқаролар йиғинида ҳозирги кунда 606 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда 3970 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Ҳудудда олиб борилган ўрганишлар давомида йил бошида 90 та оила “Темир дафтар”га, 39 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”га, 108 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилди.
Аҳолининг ушбу эҳтиёжманд қатлами сектор ишчи гуруҳи томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Азамат Пирниязов.
