ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари учун Корея Республикаси Марказий Полиция Академиясида навбатдаги тренинглар бошланди
2024-10-30 10:00:00 / Янгиликлар
Корея халқаро ҳамкорлик ташкилоти (KOICA)нинг “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида Симуляциялашган ўқув марказини ташкил этиш бўйича салоҳиятни ошириш” лойиҳаси доирасида ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари учун Корея Республикаси Марказий Полиция Академиясида жорий йилнинг 28 октябрь кунидан навбатдаги тренинглар ўтказилмоқда.
Мазкур тренинглардан кўзланган мақсад Кореянинг суд-тиббий экспертизаси тизими ҳамда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни текшириш борасида илғор тажрибаларини ўрганишга қаратилган.
Тренинг дастурига мувофиқ, Кореяда олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар (экспертизалар), Ҳодиса жойини кузатув ва идентификация қилиш жараёнлари, Ҳашаротлар томонидан қолдирилган белгилар ёрдамида ўлим вақтини баҳолаш ва ДНК, Ёнғинни аниқлаш ва қон доғларини таҳлил қилиш, Криминалистик ёруғлик манбасидан фойдаланган ҳолда суратга олиш назарияси ва амалиёти, Кореяда гиёҳвандлик моддаларни текшириш тушунчаси, Кореяда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларни тергов қилиш назарияси, Гумонланувчиларни тергов қилиш жараёнини кузатиш, Болалар ва ўсмирлар учун гиёҳвандлик воситалари бўйича профилактик таълим, Ижтимоий тармоқлар орқали гиёҳванд моддаларни тергов қилиш ва ҳибсга олиш каби мавзуларда машғулотлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, Сеул шаҳар полиция агентлигининг Суд-тиббий экспертиза бўлими, Корея полиция музейи, Полиция инсон ресурсларини ривожлантириш институти, полиция итларини умумий тайёрлаш маркази ҳамда Корея Марказий полиция академиясига амалий ташрифлар амалга оширилади.
ИИВ Малака ошириш институти