Профилактика хизмати: Элнинг кўрки эр билан, эрнинг кўрки тер билан
2024-10-21 02:15:00 / Янгиликлар

Одатдагидек кунботарда маҳаллани бир сира айланиб чиққан профилактика инспектори, катта лейтенант Шаҳзод Ҳасанов хизмат хонасига кириб, юритувидаги ҳужжатларга маълумотларни кирита бошлади. Аммо катта лейтенант ишини охирига етказа олмади. Чунки маҳаллага ўрнатилган кузатув камералари тасвирларини ўзида жамловчи мониторда икки ўспириннинг ёқалашаётганига кўзи тушганди.
Шу боис жанжални бартараф қилиш учун 10-сонли ўрта умумтаълим мактаби томон югурди. Бироз кеч етиб келган бўлишига қарамасдан, ўсмирлар муштлашишга улгурганликлари қизарган юз ва бўйинлари, чанг кийимларидан сезиларди. Профилактика инспектори ўқувчиларни ажратиб, уларни хизмат хонаси томон бошлади. Шу билан бирга, келишмовчиликни бефарқ томоша қилган ўнга яқин ёшга дашном беришни унутмади.
Катта лейтенант «муштумзўрлар»нинг ота-оналари етиб келгунга қадар болаларга тан жароҳати етказиш ва безорилик оқибатларини тушунтирди.
Орадан 20 дақиқа ўтар-ўтмас, масала ота-оналар, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ёшлар етакчиси ва профилактика инспектори иштирокида муҳокама қилинди. Ўз навбатида, фарзандларнинг таълим-тарбиясига эътиборсиз қараганликлари учун У.С. ҳамда М.Ш.нинг ота-оналарига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Эртаси куни масала мактабда уюштирилган йиғилишда кўриб чиқилди.
Катта лейтенант Шаҳзод Ҳасановнинг шу сингари саъй-ҳаракатлари натижасида Зафаробод туманининг 7 минг 138 киши истиқомат қиладиган «Узун» маҳалласида жорий йилда бирорта ҳам жиноят қайд этилмади.
Профилактик тадбирларни ўз вақтида амалга ошириб, яхши натижаларга эришаётганлиги сабабли маҳалла аҳлининг кўнглига йўл топаяпти. Айтганча, ўтган йили жиноят қидирув тизимида фаолият кўрсатадиган ҳамкасби, катта лейтенант Суҳроб Толлибоев билан бирга фермер хўжалиги даласидан сув насослари ўғирланишига оид жиноятни фош қилди.
Терговга қадар суриштирув давомида гумон қилинувчилар Пахтакор, Мирзачўл, Шароф Рашидов, Дўстлик туманларида ҳам айни мазмундаги ўндан ортиқ қонунбузарликларни содир этганликлари маълум бўлди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ, ўз мухбиримиз.
Жиззах вилояти.
