Йўл қоидаси — умр фойдаси. Таъсирчан тарғибот тадбирлари
2024-10-15 21:30:00 / Янгиликлар

Бугун мамлакатимизда аҳолининг турмуш фаровонлиги тобора юксалиб, шахсий автомашинасига эга бўлган юртдошларимиз кундан-кунга кўпаймоқда.
Транспортларнинг кўпайганику яхши: фуқароларнинг узоғи яқин, мушкули осон бўлади. Аммо йўллардаги тирбандликлар ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш масаласи тобора муҳим аҳамият касб этиб, йўл-патруль хизмати ходимларининг масъулиятини янада ошириб бораверади.
Шу боис йўл қоидалари тарғиботига жиддий эътибор қаратиб, энг таъсирчан ва самарали усуллардан фойдаланяпмиз, — дейди Фарғона вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот гуруҳи катта инспектори, капитан Элбек Қобилов.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида оммавий ахборот воситалари орқали 1334 маротаба йўл ҳаракати қоидаларини тарғиб қилувчи ахборот ва маълумотлар оммага етказилди. Ҳайдовчилар, пиёдалар ҳамда велосипедчиларни огоҳликка чорловчи 24 600 та махсус буклетлар ва эслатмалар тайёрланиб, жамоатчиликка тарқатилди.
Йўл-транспорт ҳодисаларининг аянчли оқибатларини фуқароларга етказиш мақсадида 53 маротаба тарғибот автокарвони тадбирлари ўтказилди.
Катта инспекторнинг қайд этишича, тарғибот автокарвони ҳаракат иштирокчиларини огоҳликка чорлашда энг таъсирчан тадбирлардан бири бўлмоқда.
Масалан, яқинда шундай автокарвон Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзеси кўчаларида айланиб, политехника институти ҳовлисида тўхтади. Шу ерда ҳайдовчилар, талаба-ёшлар учун йўл-транспорт ҳодисаси натижасида аянчли ҳолга келиб қолган машиналар ва тан жароҳати олган фуқароларнинг макетлари кўргазмали тарзда намойиш этилди.
Болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида умумтаълим мактабларида ҳам 1572 маротаба тарғибот-ташвиқот тадбирлари, учрашувлар ҳамда ўқув машғулотлари ўтказилди.
Шунингдек, маҳаллаларда 1302 маротаба, корхона ва ташкилотларда 883 маротаба учрашувлар ташкил этилди.
Халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларида ҳайдовчилар кучли чарчоқ туфайли ухлаб қолиши ёки тезликни меъёридан ошириши кўп кузатилади. Бу эса бахтсиз ҳодисаларни келтириб чиқариши, бегуноҳ одамларни майиб-мажруҳ қилиши мумкин.
Шуни ҳисобга олган ҳолда ҳайдовчиларнинг ҳушёрлигини ошириш мақсадида А-373 “Тошкент-Ўш” халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўли ва 4Р-112 “Фарғона ҳалқаси” давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларида 125 та ҳушёрликка чорловчи махсус баннерлар ўрнатилди.
Кейинги йилларда аҳоли орасида скутер, мопед, электросамокатлардан улов сифатида фойдаланиш кўпайди. Аммо айрим ҳолларда ушбу транспорт воситаларини ёш болалар ёки аёллар бошқариши натижасида йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлаётгани аччиқ ҳақиқатдир.
Шу боис соҳа ходимлари аҳоли орасида учрашувлар ўтказиб, скутер, мопед, электросамокатлар ҳам транспорт воситаси ҳисобланиши, уларда ҳаракатланганда, албатта, бошқа транспорт воситалари сингари, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш шартлиги тушунтирилмоқда. Акс ҳолда, кўнгилсиз ҳолатлар юз бериши мумкинлигидан огоҳлантириляпти.
©️ “Postda” газетаси, Абдувосит Сидиқов, Фарғона вилояти.
