Туман ИИБда. Ўтмиш ва келажак туташган замин
2024-10-06 11:00:00 / Янгиликлар

Элликқалъа тумани Қорақалпоғистондаги энг қадимий ҳудудлардан бири ҳисобланади. 1977 йилда ташкил этилган туманга Элликқалъа деб ном берилишининг асосий сабаби шуки, илгари ҳудудда доимо шамол, яъни ел эсиб турган, қолаверса, бу ерда қалъалар кўп бўлган.
Маркази Бўстон шаҳри бўлган туман шимолдан Қизилқум чўли, Султон Увайс тоғи, ғарбдан Беруний ва Тахтакўпир туманлари, жанубдан Хоразм вилояти, шарқдан Тўрткўл тумани ва Навоий вилояти билан чегарадош.
Туман ҳудудида тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишдек масъулиятли вазифалар ички ишлар органлари ходимларининг зиммасида.
Жорий йилнинг ўтган даврида туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган ишлар натижасида умумий жиноятчилик ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,1 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 15,5 фоизга камайди. Мавжуд 40 та маҳалладан 32 таси “яшил”, 6 таси “сариқ” тоифага киритилди.
Албатта, бунда аҳоли билан яқин мулоқот ва ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этди, — дейди туман ИИБ бошлиғи, подполковник Куанишбай Узакбаев. — Чунки ишонч туфайли ўрнатилган ҳар қандай ҳамкорлик натижа бермасдан қолмайди.
Маълумки, жиноятчиликни жиловлашда профилактика инспекторларининг ҳиссаси салмоқли бўлмоқда. Айни пайтда туманда 23 та таянч пункти мавжуд бўлиб, жами 40 нафар профилактика инспектори хизмат фаолиятини олиб бормоқда.
Жорий йилда улар томонидан 31 мингдан зиёд хонадонлар ўрганилиб, ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахслар бўйича тайёрланган хулосалар маҳалла фаолларига тақдим этилди. 76 та низоли оила муаммолари ҳал қилиниб, 203 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Туман ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, турли кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш борасида ҳам бир қатор ишлар йўлга қўйилган.
Хусусан, йил бошидан буён эскирган 59 та йўл белгиси янгисига алмаштирилиб, 100 та йўналтирувчи устун барпо қилинди. Туман ҳудудидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлига, шунингдек, 1, 3 ва 25-умумтаълим мактаблари олдига пиёдалар ўтишини тартибга солувчи замонавий светофор қурилмалари ўрнатилди.
Сир эмаски, бугунги кунда аксарият йўл-транспорт ҳодисалари келиб чиқишига ҳайдовчиларнинг тезликни ошириши сабаб бўлмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳайдовчилар ўртасида олиб борилаётган тарғибот тадбирларида мазкур масалага алоҳида аҳамият беряпмиз. Келгусида ҳам бу борадаги ишларни мақсадли давом эттириш режалаштирилган, — дейди туман ИИБ ЙҲХБ инспектори, сержант Бегзод Қўчқоров.
Жорий йил бошида туман ИИБ пробация гуруҳи ҳисобида 154 нафар маҳкум рўйхатда турган бўлса, ўтган вақт мобайнида улардан 48 нафари муддатидан олдин шартли равишда озод этилди.
Уларнинг қайта жиноят содир этишининг олдини олиш ва бандлигини таъминлаш учун 8 марта меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Уларда тумандаги қирққа яқин корхона ва ташкилотлар бўш иш ўринлари билан қатнашди.
Туманда хотин-қизларни ҳимоя қилиш, муаммоларини ҳал этиш эътибор марказидаги масалалардан бири ҳисобланади. Туман ИИБ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, катта лейтенант Нилуфар Юлдашова томонидан жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 168 нафар хотин-қиз тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўргани аниқланиб, уларга ҳимоя ордерлари берилди.
Шундан 11 ҳолатда ҳимоя ордери талабларини бузиш бўйича айбдорларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди. Бундан ташқари, 85 та хонадон ўрганиб чиқилиб, аниқланган 44 та муаммонинг 32 таси ўзининг ижобий ечимини топди.
Айни пайтда маҳаллаларда турли профилактик тадбирлар ўтказилиб, хотин-қизлар муаммоларига маҳалла фаоллари билан биргаликда ечим топиш чоралари кўрилмоқда.
©️ “Postda” газетаси, Азамат Пирниязов, Қорақалпоғистон Республикаси.