Нуқтаи назар. Ҳаётий зарурат
2024-09-24 20:00:00 / Янгиликлар
Мафкуравий таҳдидларга қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида ҳамкорлик муҳим ҳисобланади. Бундай ҳамкорлик нафақат миллий хавфсизликни таъминлаш, балки жамиятда барқарорликни сақлашда катта аҳамият касб этади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Ҳеч кимга сир эмас, бугун дунёда беқарор вазият ҳукм сурмоқда. Халқаро майдонда давлатларнинг бир-бирига ўзаро ишончи сусайиб бормоқда. Бундай мураккаб шароитда ҳаётнинг ўзи биздан мамлакатимизда ҳукм сураётган ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тотувлик ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни бузғунчи ёт ғоя ва оқимлар, ташқи таъсирлардан асрашга қаратилган ишларимизни янги босқичга кўтаришни талаб этмоқда”.
Шу ўринда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида самарали маълумот алмашинуви мафкуравий таҳдидларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга жавоб бериш имконини беришини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бу саъй-ҳаракатлар асосида жамиятдаги хатарлар ва таҳдидларнинг олдини олиш чораларини кўриши мумкин. Ҳар бир орган ўз соҳасига тегишли маълумотлар ва тажрибага эга бўлгани учун, уларнинг биргаликдаги ҳаракатлари мафкуравий таҳдидларга қарши самарали курашишда муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун қонунчилик базасини такомиллаштириш зарур. Мазкур қонун, ҳужжатлари мафкуравий таҳдидларга қарши курашишда органларнинг ҳаракатларини мувофиқлаштиришга ва уларга ҳуқуқий асосларни таъминлаш-га қаратилган бўлиши керак.
Бу борада давлат сиёсати ҳам муҳим аҳамиятга эга. Зеро, ушбу сиёсат мафкуравий барқарорлик ва жамиятдаги бирдамликни таъминлашга йўналтирилган бўлиши керак.
Мафкуравий таҳдидларга қарши курашишда барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўртасидаги ҳамкор-лик зарурати, айниқса, замонавий ижтимоий-сиёсий муаммолар шароитида долзарб аҳамият касб этмоқда.
Замонавий терроризм жамият онгига, сиёсий барқарорлик ва давлат институтларига жиддий таҳдид солади. Бу мафкуравий таҳдидга қарши самарали курашиш ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа тузилмалар ўртасида ҳаракатларни аниқ мувофиқлаштиришни талаб қилади.
Ички ишлар органлари жамоат тартибини сақлаш ва жиноятчиликка қарши курашишда асосий роль ўйнайди. Жамият экстремизм, радикаллашув, терроризм каби мафкуравий таҳдидларга дуч келаётган бугунги шароитда ушбу тизим ходимларининг касбий маҳоратини ошириш зарурати янада долзарб бўлиб бормоқда. Ички ишлар органларининг бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликдаги фаолияти бузғунчи мафкуралар тарқалишининг олдини олишга хизмат қилади.
Ҳозирги замон кишисининг онгига турли-туман ахборотлар таъсир кўрсатмоқда. Бу эса мафкуравий таҳдидларга қарши курашиш жараёнини янада қийинлаштиради. Жамоатчилик фикри турли стереотиплар ва хурофотлар таъсирида шаклланаётган бир шароитда ички ишлар органларининг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги мафкуравий таҳдидларга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, бу аҳолининг ҳуқуқ-тартибот идораларига ишончини кучайтиради.
Хулоса қилиб айтганда, жаҳонда экстремизм, радикаллашув ва бузғунчи мафкураларнинг тарқалиши каби мафкуравий таҳдидлар кучайиб бораётган бир шароитда турли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ўзаро самарали ҳамкорлиги ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Бу жамоат хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
Муаллиф ҳақида маълумот
Подполковник Мақсуд Турсунпўлатович Мусаев Самарқанд вилоятининг Ургут туманида туғилган. 2006 йилда ИИВ Академиясини, 2023 йилда эса магистратурани тугатган.
Ҳозирги кунда Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ 7-сон ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатиб келмоқда.
Шунингдек, “ички ишлар органларида мафкуравий таҳдидларга қарши курашишнинг самарали механизмлари” мавзусида сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун илмий изланишлар олиб бормоқда.
©️ “Postda” газетаси.