ИИВ ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти танлов эълон қилади
2024-09-14 22:45:00 / Янгиликлар
Электрон савдо соҳаси бўйича тажрибага эга юридик шахс ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари диққатига!
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги ПҚ-5050-сон «Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар томонидан қонун билан тақиқланмаган буюмларни эркин бозор механизмларига асосланган электрон дўконлар орқали сотиб олиш имкониятини яратиш вазифаси юклатилган.
Мазкур вазифа ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 июндаги «Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти ва унинг тасарруфидаги муассасаларнинг бино ва иншоотларидан самарали фойдаланиш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 358-сон қарорига кўра жазони ижро этиш муассасаларига электрон савдо соҳасида тажрибага эга бўлган юридик шахс ҳисобланган тадбиркорларни (инвестор) жалб этган ҳолда ўрнатиш белгиланган.
Мазкур қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги жазони ижро этиш департаменти инвестиция киритиш асосида Жазони ижро этиш муассасаларига Fase-ID идентификация тизими мавжуд бўлган инфокиоскларни ўрнатиш учун электрон савдо соҳасида тажрибага эга бўлган юридик шахс ҳисобланган тадбиркорларни ҳамкорликка таклиф этади.
Танловда қатнашиш истагида бўлган тадбиркорлик субъектлари вакилларидан қуйидагилар талаб қилинади.
Жумладан,
1. Тадбиркорлик субъектининг низоми ва гувоҳномаси;
2. Тадбиркорлик субъектининг фаолияти ҳақида маълумот (1 йилдан ортиқ электрон савдо соҳасида фаолият кўрсатган бўлиши керак);
3. Хизмат кўрсатувчи банк томонидан Тадбиркорлик субъекти тўғрисида маълумотнома;
4. Face-ID идентификация тизими мавжуд бўлган инфокиосклар орқали электрон савдо қилиш имкониятини берувчи дастурга эга эканлиги ва ушбу дастур имкониятлари ҳақида батафсил маълумот;
(Техник характеристикаси, имкониятлари, қулайлиги, хавфсизлик талабларига жавоб бериши в.ҳ.з)
5. Муассасаларга ўрнатиш таклифи берилаётган Fase-ID идентификация тизими мавжуд бўлган инфокиоскларнинг техник характеристикаси, фотосуратларини илова қилган ҳолда;
6. Давлат солиқ инспекцияси томонидан инвестор ташкилоти тўғрисида ҳамда юридик шахснинг молиявий ҳолати, солиқ ва бошқа йиғимлардан қарздорлиги йўқлиги ҳақида маълумот;
7. Инвесторнинг моддий-техника базаси, ишчилари, логистика базаси, куч ва воситалари (омбор, транспорт) тўғрисида маълумот;
8. «Киберхавфсизлик» ДУК дан олинган рухсатнома;
9. Жазони ижро этиш муассасаларига Face-ID идентификация тизими мавжуд бўлган инфокиоскларни ўрнатиш учун киритмоқчи бўлган инвестиция миқдори, инфокиосклар сони ва инвестиция киритиш ҳисобига қўяётган талаби;
10. Маҳкумлардан электрон қабул қилган буюртмаларни етказиб бериш муддати, маҳсулотларни маҳкумларга сотишда уларга қўйилаётган нарх ва сифати.
Маълумот тариқасида: Талабгорнинг таклифлари ва инвестиция миқдоридан келиб чиқиб олти ойдан уч йилгача шартнома тузилади.
Талабгорлар ўз таклифларида жазони ижро этиш муассасаларига инфокиоск ўрнатишдан ташқари, жазони ижро этиш муассасалари фаолиятини рақамлаштириш бўйича қўшимча инвестиция киритишлари, даромадларидан жазони ижро этиш муассасалари моддий-техник базасини яхшилаш бўйича улуш ажратишларини назарда тутишлари мумкин, бу танлов ғолибини аниқлашда ижобий кўрсаткич сифатида баҳоланади.
Мазкур шартлар бўйича ҳамкорлик қилиш истагида бўлган тадбиркорлик субъектлари (Юридик шахс, Ўзбекистон Резиденти) ўз таклифларини 2024 йил 5 октябрь кунига қадар қуйидаги манзилга юборишлари мумкин.
Fase-ID идентификация тизими мавжуд бўлган инфокиосклар (электрон дўкон) ўрнатиладиган жазони ижро этиш муассасалари ва уларнинг манзили (илова).
Мурожаат учун манзил:
Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Боғзор МФЙ Қорасув кўчаси 32 уй (Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти, мурожаат учун телефон рақамлар: 71 231-54-76,
71 231-45-60).