Тошкент вилояти ИИББда Мустақиллигимизнинг 33 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири ўтказилди
2024-09-04 12:55:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали байрам тадбирида бир қатор ходимлар юксак давлат мукофотлари ва Ички ишлар вазирлигининг кўкрак нишонлари билан тақдирландилар.
Тадбирни Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи, генерал майор Тоҳир Арипов очиб, йиғилганларни Давлат мустақиллигининг 33 йиллиги билан қутлади ва ходимларга машаққатли, шу билан бирга шарафли касбларида улкан муваффақиятлар тилади.
Мукофотларни топшириш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига кўра, Тошкент вилояти ИИББ ТВБСО гуруҳ командири, лейтенант Музаффарбек Туробоев «Дўстлик» ордени билан;
Шунингдек, Бош бошқарма ходими, подполковник Турдимурод Анваров ва отряд командирининг ўринбосари, майор Жамолиддин Зикиров «Жасорат» медали билан тақдирлангани алоҳида эътироф этилди.
Байрам муносабати билан Ички ишлар вазирлиги томонидан муносиб кўрилган 19 нафар ходимлар мукофотланди.
Уларга 1-2-3 даражали «Бенуқсон хизматлари учун», «Аъло хизматлари учун» ва «Ички ишлар органларининг фахрий ходими» кўкрак нишони, «Фахрий ёрлиқ», «Эсдалик қўл соати» ҳамда бир нафар ходимга китоблар жамланмаси тантанали топширилди.
Тадбир давомида Ички ишлар вазирлигининг буйруғига асосан, бир нафар ходимга «полковник» махсус унвони, яна бир нафар ходимга рағбат тариқасида муддатидан олдин «майор» махсус унвони берилди.
Мукофотларни топшириш жараёнида Бош бошқарма бошлиғи ходимларнинг хизматдаги самарали фаолияти ва эришилаётган натижалар шахсий таркибга ўрнак бўлиши, ҳар бир ходим шундай мукофотларга лойиқ бўлиши кераклигини таъкидлади.
Бундан ташқари, ўз хизмат вазифаларини виждонан бажариб, юклатилган топшириқларга масъулият билан ёндашганликлари учун 380 нафар ходим пул мукофоти билан рағбатлантирилди. Шунингдек, 69 нафар ходимнинг илгари берилган интизомий жазолари муддатидан олдин олиб ташлангани эълон қилинди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати









