Жиноят муҳокамаси. Қоидалар — интизом асоси
2024-08-28 22:00:00 / Янгиликлар

Кейинги вақтларда юртимиз йўлларида ҳайдовчилар, пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслиги оқибатида содир бўлаётган кўнгилсиз ҳодисалар юрагимизга ғашлик солаётгани бор гап.
Айниқса, оёғини газ тепкисидан узолмай қолаётган баъзи шошмашошар ҳайдовчиларнинг қоидабузарлиги сабаб тан жароҳати ва ўлим билан боғлиқ ҳодисалардан қанча қалблар парчаланиб, кимларнингдир ҳаёти ўз мазмунини йўқотмоқда.
Энг ёмони, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида доимий равишда Йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан тарғибот ишлари олиб борилаётганига қарамай, қоидабузарлар ўз билганидан қолишмаяпти. Оқибатда эса аянчли якун, сўнгги пушаймон бефойда.
Жорий йилнинг 20 июль куни соат 6 лар атрофида Самарқанд вилояти Нуробод тумани «Жарқудуқ» МФЙ ҳудуди-дан ўтувчи 4Р 54 автомобиль йўлининг 23-километрида «Ингичка-Каттақўрғон» йўналишида йўл-траспорт ҳодисаси содир бўлади.
«Nexia-3» русумли автомашинада ҳаракатланаётган ҳайдовчи ва бир нафар йўловчи туман шифохонасига ётқизилган.
Йўл-транспорт ҳодисасининг сабаблари ўрганилганда, ҳайдовчининг эътиборсизлиги, яъни чарчоқ аломатлари туфайли рулда ухлаб қолгани, оқибатда эса йўлнинг кескин бурилиш жойида бошқарувни йўқотиб, машина ағдарилгани маълум бўлган.
Ачинарлиси, автомобилнинг олд ўриндиғидаги йўловчи шифокорларнинг тиббий муолажаларига қарамасдан, шифохонада вафот этган.
«Жарқудуқ» МФЙда бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бошқармаси бошлиғи, ЙПХ инспекторлари, туман ҳокимлиги вакиллари, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди.
Оқибати жуда ачинарли бўлган ҳолатларнинг олдини олишда амалий ишларни маҳалладан бошлаб, оила ва ҳар бир хонадонда кучайтириш зарур, — дейди вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи, полковник Шавкат Бойхўрозов. — Бунда эса етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган фуқаролар у йўловчи бўладими, ҳайдовчи бўладими, ҳаракат иштирокчиси сифатида масъулиятни ҳис этиши керак.
Барча биргаликда бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилмас экан, нохуш ҳолатларнинг олдини олиш қийинлашади. Бу борада тарғибот ишларини олиб бориш фақатгина соҳа ходимларининг иши, дейиш нотўғри.
Чунки одамларнинг жамоат жойларида, умуман йўлларда ҳаракатланиш маданиятининг шаклланиши кўп жиҳатдан уларнинг ўзларига ҳам боғлиқ.
Шу боис барча ҳайдовчилардан, йўловчилардан йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишларини сўрайман.
Шунингдек, муҳокама йиғилишида ҳайдовчиларнинг ёлда ҳушёрликни йўқотиши, айниқса, чарчаганда автомашина рулига ўтириши ва қоидаларга беписандлиги қатор муаммоларга сабаб бўлиши таъкидланди.
Нафсиламрини айтганда, ҳар бир амалимизда эътиборли бўлиш ўзимизни асраш сари қўйилган биринчи қадамдир. Йўл ҳаракати қоидалари ҳам талаб, ҳам хавфсизлигимиз учун ёзиб қўйилган, фақат амал қилишимиз шарт бўлган эътибор йўриқномасидир.
Қоидалар бузиш учун ёзилмаслигини англаганимиз ҳолда, шахсий намуна кўрсата олсак, турли кўнгилсизликларга барҳам берган бўламиз.
Токи, охири оғриқли ҳодисалар ширин, гўзал ҳаётимизга соя солмасин.
©️ «Postda» газетаси, Гулноза Турғунбоева, Самарқанд вилояти.
