«Энг яхши эксперт-криминалист» танловининг Тошкент вилояти босқичи ғолиблари аниқланди
2024-08-22 13:00:00 / Янгиликлар

Хабар берилганидек, ИИВ томонидан ҳамкасблари орасида намуна бўлаётган ходимларни муносиб рағбатлантириш мақсадида соҳавий хизматлар кесимида «энг яхшилар» кўрик танлови ўтказилмоқда.
Жумладан куни кеча Тошкент вилояти ИИББ Эксперт-криминалистика хизмати ходимлари ўртасида «Энг яхши эксперт-криминалист» кўрик танлови ўтказилди.
Шаҳар-туман ИИБларидан 16 нафар ходим иштирок этган кўрик-танлов уч босқичдан иборат бўлди.
Биринчи шартда иштирокчилар белгиланган сониялар ичида «Калашников» автомати ва «Макаров» пистолетини тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш амалиётини бажаришди.
Иккинчи босқичда Ички ишлар органлари соҳавий хизмати, маънавий-маърифий йўналиш, жанговар ва хизмат тайёргарлиги бўйича тест саволлари қабул қилинди.
Учинчи босқичда эса ходимларнинг соҳавий билимлари савол жавоб тарзида ўтказилди.
Якуний натижаларга кўра: 1-ўринни Тошкент вилояти ИИББ ЭКМ катта эксперти майор Ҳамид Рахимбоев қўлга киритиб, кўрик танловнинг республика босқичига йўлланма олди.
Шунингдек, танловда 2-ўрин Тошкент тумани ИИБ эксперти катта лейтенант Самандар Шодмонов ва 3-ўрин Ўрта Чирчиқ тумани ИИБ катта эксперти Асадбек Қамбаровлар эга чиқишди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати









