Фахрийлар – фахримиз. Оқсоқолнинг ибратли ишлари
2024-08-08 13:30:00 / Янгиликлар
Истеъфодаги подполковник Санъат Мадраҳимов икки ярим йилдирки Урганч шаҳридаги Ал-Хоразмий номли маҳаллага раҳбарлик қилмоқда. Мазкур ҳудудда 3 минг 400 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Улар 917 та оилага жипслашган ҳолда тинч ва осойишта ҳаёт кечиришяпти. Ҳудудда аҳолини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш, ўқитиш ва касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорликка жалб этиш каби муҳим масалалар тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ижобий ҳал этилмоқда.
Қолаверса, аҳолига савдо ва маданий-маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг, ишлаб чиқариш корхоналарининг йил сайин кўпайиб бораётгани маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим омил бўляпти. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бевосита маҳалла оқсоқолининг саъй-ҳаракатлари билан ҳудудда 3 та оилавий, 2 та якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти йўлга қўйилди. Ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланмаётган 12 нафар фуқаро доимий ва вақтинчалик иш ўрнига эга бўлди. Беш нафар фуқарога имтиёзли банк кредити ажратилди.
— Юртимизда бўлаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларида маҳалламиз аҳлининг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги кишини қувонтиради, — дейди истеъфодаги подполковник Санъат Мадраҳимов. — Маҳаллада ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, бу борада давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек, жамоат уюшмалари билан ҳамкорликдаги ишларни тизимли равишда ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган йўл харитаси асосида жамоат ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда манзилли профилактик ишлар олиб борилмоқда. Натижада уларнинг турмуш тарзида пайдо бўлаётган муаммолар ижобий ҳал қилиниб, ижтимоий фойдали меҳнат жараёнларидаги иштироки таъминланмоқда. Бундай хайрли ишларда профилактика инспектори, майор Сирож Шокиров, ҳоким ёрдамчиси Хурсанд Бобожонов, хотин-қизлар фаоли Сайёра Бекчанова, ёшлар етакчиси Тоҳиржон Арипов ҳамда маҳалла фаолларидан Маримбой Ражабов, Гавҳар Жуманиёзова, Малика Болтаева, Муҳаббат Раҳимоваларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Бундай ҳамкорлик туфайли ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши анча яхшиланиб, жиноят содир этилиши кескин камайишига эришилди ва маҳалламиз «яшил ҳудуд» тоифасига киритилди.
Ўтган йил бошидан маҳаллада рақамли технологиялар, кузатув камераларидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилди. Хусусан, маҳалладаги ички кўчаларнинг кириш ва чиқиш жойларига, мактабгача ва мактаб таълими муассасаларига, тадбиркорлик субъектларига, шунингдек, жамоат жойларига кузатув камералари ўрнатилиб, улар профилактика инспекторининг хизмат хонасига интеграция қилинди. Амалиётга жорий қилинган бу янги тизим маҳаллага келиб-кетувчи шахслар ва транспорт воситаларини куннинг исталган вақтида назорат қилиш имкониятини яратди.
Мустақилликнинг 33 йиллигини муносиб тарзда нишонлаш мақсадида «Бир бўлсак ягона халқмиз, бирлашсак Ватанмиз!» номли эзгу ғоя остида кўплаб маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
Мадраҳимовлар оиласини юртимизда жуда яхши билишади. Лавҳамиз қаҳрамонининг отаси Руслан Мадраҳимов узоқ йиллар ички ишлар органларида самарали хизмат қилиб, полковник унвонида пенсияга чиққан. Онаси эса Олмахон Хайитова Ўзбекистон халқ артисти, эл суйган санъаткор эди. Санъат Мадраҳимов ана шундай пири бадавлат оиланинг кенжа фарзанди. Акаси Фурқат ҳам кўп йиллар мобайнида Тошкент вилояти ИИББ тизимида хизмат қилиб, майор унвонида пенсияга чиққан. Ҳозирда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Шўртепа МФЙ раиси.
Қаҳрамонимизнинг тўнғич фарзанди Муштарийбегим республика Антикоррупция агентлиги масъул ходимаси, қизи Жаҳонабегим давлат бошқаруви ва сиёсатшунослик йўналиши бўйича Америка Қўшма Штатларида таҳсил оляпти. Сафдор Шоҳрумон эса ота изидан бориб, вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ конвой гуруҳида хизмат қилмоқда.
Истеъфодаги подполковник Санъат Мадраҳимовнинг ички ишлар органларидаги хизмат фаолиятини кўпчилик фахр билан тилга олишади. Вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармасида, Боғот тумани ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари, Янгиариқ тумани ИИБ бошлиғи лавозимларида хизмат қилган бу фидойи инсон юртимиз осойишталигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшди. Содир этилган кўплаб оғир турдаги жиноятларни «иссиқ изида» фош этиш, қидирувдаги жиноятчиларни қўлга олишда фаол иштирок этди. Кўплаб ёш ходимларга касб сир-асрорларини қунт билан ўргатиб, устоз деган шарафли номга муяссар бўлди.
Эзгу ва хайрли ишлар қизғин давом этаётган Ал-Хоразмий номли маҳаллани айланарканмиз, у ердаги ўзгаришларда она Ватанимизга фидойилик билан хизмат қилаётган маҳалла оқсоқоли, истеъфодаги подполковник Санъат Мадраҳимовдек ҳиммати баланд инсонларнинг муносиб ҳиссаси борлиги кишини қувонтиради.
Худойберган Жабборов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Хоразм вилояти