Андижон вилояти ИИБ бошлиғи полковник Aюбхон Раҳматуллаев раислигида Булоқбоши туманида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди
2024-08-08 11:30:00 / Янгиликлар
Жорий йилнинг 7 август куни Булоқбоши тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда туман сектор раҳбарлари, бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамда туман ИИБнинг барча шахсий таркиби иштирокида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тумандаги жиноятчилик аҳволи, шунингдек, уни олдини олишда амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.
Йиғилиш давомида мазкур туманда ўз хизмат фаолиятини бошлаган подполковник Маматқулов Жасурбекка келгусида жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали олиб бориш ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган вазифаларни виждонан бажариб, сектор раҳбарлари билан бир ёқадан бош чиқариб иш ташкил қилиш юзасидан топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, тадбир жараёнида яқинлашиб келаётган мустақиллик байрами ҳамда режалаштирилаётган муҳим сиёсий тадбир жараёнида криминоген вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Йиғилишда, кун тартибига биноан кўриб чиқилган масалалар ҳамда аниқланган камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, келгусида хизмат фаолиятини такомиллаштиришга оид мақсадли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Андижон вилояти ИИБ Ахборот хизмати