Ички ишлар органларида профессионал ҳамда бошқарув кадрларини тайёрлашга қаратилган йиғилиш тафсилотлари
2024-08-06 20:30:00 / Мажлислар

Жорий йилнинг 6 август куни Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигида ички ишлар органларида профессионал ҳамда бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш вазифаларига қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Шунингдек, тадбир жараёнида юртимизга кириб келаётган байрам ҳамда режалаштирилаётган муҳим сиёсий тадбир жараёнида криминоген вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан ички ишлар органлари учун кадрлар тайёрлаш тизими замон талабларига мос равишда шаклланиб, тизимнинг асосий соҳавий хизматлари ҳисобланган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тезкор қидирув, эксперт криминалистика, жазони ижро этиш, пробация, ташкилий штаб фаолияти бўйича мутахассисларни тайёрлаш учун имконият яратилди.
Имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида 2021 йил 15 апрелдаги ПҚ-5076-сонли қарор билан ички ишлар органлари учун раҳбар кадрларни тайёрлаш бўйича илк бор икки босқичли магистратура («Ташкилий-стратегик бошқарув» ва «Ташкилий-тактик бошқарув») жорий этилди.
Бунда, келажак раҳбарларни интеллектуал билимли ва етук профессионал кадрлар сифатида тайёрлаш мақсадида янгича таълим методлари амалиётга татбиқ этилмоқда.
Хусусан, ўқув машғулотлари модуллар асосида назарий билимларни амалиёт билан боғланган ҳолда ташкил этилган, тингловчилар билан Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлик соҳавий хизмат раҳбарлари томонидан сайёр ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
Соҳада илғор давлатларнинг ижобий тажрибаларини ўрганиш мақсадида Қозоғистон, Корея, Россия, Туркия ва Хитой давлатларига хизмат сафарлари уюштирилмоқда.
Энг муҳими, тингловчилар олган билимларини бевосита маҳаллаларга борган ҳолда амалиётда синаб кўришлари учун ҳам барча шароитлар мавжуд.
Бундан асосий мақсад – ички ишлар органлари учун ҳар томонлама етук, интеллектуал ва профессионал раҳбарларни тайёрлашдир.
Магистратура ташкил этилганидан буён уни тамомлаган 243 нафар тингловчиларнинг аксарияти бугунги кунда раҳбарлик лавозимларида муносиб хизмат қилмоқда.
Имтиҳон ва синовлар жараёнида хизмат фаолиятига номуносиб топилган 18 нафар ходимлар ишдан бўшатилган.
Бу йил ҳам анъанага кўра магистратурани 73 нафар тингловчилар битирдилар. Ўқиш жараёнида 2 нафар тингловчи ўқув машғулотларини яхши ўзлаштирмаганлиги учун – ўқишдан четлатилган.
Ўз навбатида, магистратурадаги ўқиш вақтида ижобий натижаларига эришган 2 нафар тингловчи муддатидан аввал раҳбарлик лавозимларига тайинлаган.
Йиғилишда ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан вазирликнинг соҳавий хизматлари, ҳудудий ҳамда туман-шаҳар ички ишлар органлари бўлинмалари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига раҳбарлар тайинландилар.
Шунингдек, тадбир жараёнида юртимизга кириб келаётган байрам ҳамда режалаштирилаётган муҳим сиёсий тадбир жараёнида криминоген вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда, кун тартибига биноан кўриб чиқилган масалалар ҳамда аниқланган камчиликлар танқидий муҳокама қилиниб, келгусида хизмат фаолиятини такомиллаштиришга оид мақсадли чора-тадбирлар белгилаб олинди.