«Одам савдосига қарши курашда ўттиз кунлик ҳамкорлик» ойлигини якунлашга бағишланган «Одам савдосига қарши кураш: миллий ёндашувлар ва халқаро стандартлар» конференцияси якунлари
2024-07-29 17:00:00 / Янгиликлар
Жорий йилнинг 29 июль куни одам савдосига қарши курашиш ойлиги доирасида ўтказилган ахборот кампанияси якунларига, шунингдек барча манфаатдор томонларнинг келгусидаги ҳамкорлигининг асосий йўналишларини муҳокама қилишга бағишланган «Одам савдосига қарши кураш: миллий ёндашувлар ва халқаро стандартлар» мавзусидаги якуний конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Ички ишлар вазири – одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия раиси Пўлат Бобожонов, Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов, Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича минтақавий координатори Зейнал Гаджиев, Элчи Антти Карттунен - ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳа координатори, шунингдек миллий комиссия аъзолари, дипломатик корпус, фуқаролик жамияти институтлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг масъуллари қатнашдилар.
Конференциядан кўзда тутилган асосий мақсад, эришилган натижаларни баҳолаш, тажриба алмашиш, шунингдек, миллий ва халқаро миқёсда одам савдосига қарши курашни кучайтириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишдан иборат. Одам савдосининг олдини олиш ва унга қарши курашишда давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда «Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш бўйича миллий амалиётлар ва уларнинг таҳлили» ҳамда «Одам савдосидан жабрланганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш: Ҳозирги ҳолат ва халқаро стандартлар» каби мавзулар алоҳида сессияларда кўриб чиқилиб, кенг муҳокама қилинди.
Тадбир сўнгида иштирокчилар «Одам савдосига қарши кураш: миллий ёндашувлар ва халқаро стандартлар» конференцияси якунларига бағишланган Коммюнике қабул қилдилар.