Соҳа фидойиси. Ҳар жабҳада ўрнак
2024-07-17 01:20:00 / Янгиликлар
Жиззах шаҳар ИИБ 1-сонли ИИБ профилактика катта инспектори, капитан Жавлон Исмоилов жорий йилнинг ўтган даврида хизмат ҳудуди «Оққўрғонлик» маҳалласида гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ иккита жиноят ҳамда юзга яқин маъмурий ҳуқуқбузарликни аниқлашга муваффақ бўлди. Шунингдек, ички ишлар органларида профилактик ҳисобда турувчи 29 нафар, жазони очиқда ўтаётган 11 нафар, маъмурий назорат остига олинган 2 нафар, ичкиликбозликка ружу қўйган 6 нафар шахс, 4 та низоли оила вакиллари билан доимий равишда профилактик тадбирларни амалга ошириб келмоқда.
Капитан Жавлон Исмоилов маҳалла фаоллари ва қатор ташкилотларга фуқаролар муаммоларини ҳал қилиш, қонунбузарликларнинг олдини олиш нуқтаи назаридан 149 та хулоса киритди. Шу ўринда таъкидлаш керакки, жорий йилнинг биринчи ярмида «маҳалла еттилиги» саъй-ҳаракати билан 50 киши иш билан таъминланди. 4 нафар хотин-қизга тикув машиналари, 8 кишига кредит маблағи ажратилишида, 1 нафар фуқаронинг турар жойини таъмирлашда кўмак кўрсатилди. Йил сўнггига қадар маҳаллада 180 та иш ўрни яратиш кўзда тутилмоқда.
Умуман олганда, 5309 киши истиқомат қиладиган маҳаллада аҳолининг бандлик даражаси юқори. Ҳудудда 934 та тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 23 таси ҳунармандчиликка ихтисослашган. Ҳовлиларнинг 11 тасида иссиқхона мавжуд. Қисқаси, юзага келган ижобий муҳит ва кўрилаётган профилактик тадбирлар натижасида ўтган бир ярим йил давомида маҳалла «яшил» тоифада турибди.
Капитан Жавлон Исмоилов соҳа вакиллари ўртасида ташкил қилинаётган кўрик-танловларда ҳам юқори натижаларга эришмоқда. Жумладан, ўтган йили Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ташаббуси билан фаол «маҳалла бешлик»ларини аниқлаш мақсадида вилоят миқёсида уюштирилган танловнинг «Энг яхши профилактика инспектори» йўналишида 1-ўринни, киберхавфсизлик бўйича ташкил қилинган «Cyber week» танловининг вилоят босқичида «Энг фаол маҳалла профилактика инспектори» йўналишида 2-ўринни қўлга киритди. Бу йил эса соҳа ходимлари ўртасида бўлиб ўтган «Энг намунали оила» кўрик-танловининг вилоят босқичида 2-ўринни эгаллади. Худди шундай, «Хавфсиз ҳаёт учун бирла-шайлик!» танловининг вилоят босқичида «Ёшлар жинояти ва ҳуқуқбузарлигидан холи маҳалла» йўналишида «маҳалла еттилиги» биргаликда 1-ўрин соҳиби бўлди.
Алижон АБДУСАТТОРОВ, ўз мухбиримиз.
Жиззах вилояти.