Туман ИИБ фаолиятидан. Одамлар розилиги учун
2024-07-14 11:00:00 / Янгиликлар

Қонликўл тумани дастлаб 1970 йили Ленинобод номи билан ташкил этилган. Кейинчалик, 1993 йил 7 декабрдаги Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарорига кўра Қонликўл номи қайта тикланган.
Маркази — «Қонликўл» посёлка фуқаролар йиғини. Умумий майдони 0,74 минг кв метрни ташкил этиб, Нукус шаҳридан 88,4 км узоқликда жойлашган. Туман 2 та макон, 9 та овул фуқаролар йиғинидан иборат бўлиб, 52 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Бугунги кунда Қонликўл туманида тинчлик ва осойишталикни сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишда ижобий натижалар қўлга киритилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида умумий жиноятчилик сони 19 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар сони эса қарийб 36 фоизга камайишига эришилди, — дейди туман ИИБ бошлиғи, подполковник Фархат Урумбаев. — Таъкидлаш жоизки, ҳудудда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда ўзини ўзи бошқариш органлари, турли давлат идоралари билан ҳамкорликда кўрилаётган профилактик чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.
Шунингдек, жойларга жами 379 та видеокузатув камераси ўрнатилган бўлиб, улар жойлардаги ҳолатни реал вақт режимида кузатиш баробарида, тинчлик-осойишталикни асраш имкониятини бермоқда.
Мазкур ишлар натижасида ўтган даврда қасддан одам олдириш, оғир тан жароҳати етказиш, босқинчилик, транспорт воситасини олиб қочиш, товламачилик ҳамда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар содир бўлмади.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишнинг самарали йўлларидан яна бири узоқ муддатга кетган ва яшаш манзилларига қайтиб келган шахслар билан ишлаш ҳисобланади.
Шу боис туман ИИБ ходимлари томонидан хорижга кетганлар ҳисоби юритилиб, хориждан қайтиб келган 1299 фуқаро билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилган.
Жиноятлар таҳлилидан келиб чиққан ҳолда, ҳозирда тумандаги макон фуқаролар йиғинларидан 7 таси «яшил», 3 таси «сариқ» ва 1 таси «қизил» тоифага киритилган. Уларга айни пайтда 11 нафар профилактика инспектори бириктирилган. Шу кунга қадар улар томонидан турли ҳуқуқбузарликлар юзасидан 1302 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда соҳани муносиб кадрлар билан тўлдириш, уларга зарур хизмат шароитини яратиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунинг учун ҳам «ходимбай» ишлаш тамойили асосида шахсий таркибнинг хизмат фаолияти, оилавий ва яшаш шароити ўрганилиб, ходимлар зарур ҳолларда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келинмоқда, — дейди туман ИИБ бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, майор Айдос Хакимниязов.
Туман 3-сектори ҳудудига «Сари олтин» ва «Жайхун» макон фуқаролар йиғини бириктирилган. Бу ҳудудларда 1600 дан зиёд хонадонда 10 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Сектор раҳбари бошчилигида, аввало, кам таъминланган ва ёрдамга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш алоҳида эътиборга олинган.
Хусусан, «Жайхун» маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.Атаниязовнинг мурожаати бўйича турар жойига иситиш тизими ўрнатиб берилган бўлса, З.Алланиязовга янгитдан уй-жой қуришда амалий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, аҳоли мурожаатларидан келиб чиққан ҳолда, туман марказидан 25 км узоқликда жойлашган «Жайхун» МФЙга ерости сувларини фильтрлаб берувчи ускуна ҳамда Амударёга сув насоси агрегати ўрнатиб берилди.
Умуман олганда, жорий йилда сектордаги сайёр қабулларда 111 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 71 фоизи ижобий ҳал этилишига эришилган.
©️ «Postda» газетаси, Азамат Пирниязов, Қорақалпоғистон Республикаси.
