Аёл ва жамият. Ажрашиш — ечим эмас
2024-07-11 13:00:00 / Янгиликлар

Пойтахтимизнинг Учтепа тумани «Қўрғонтепа» маҳалласида ижара асосида яшовчи Ш.Ш. турмуш ўртоғи Р.Ш. билан юзага келган оилавий келишмовчилик юзасидан «102» рақамига қўнғироқ қилиб, ёрдам сўрайди.
Ёш оилада юзага келган муаммоларни ўрганиш ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида улар туман ИИБ 2-сонли ИИБга таклиф қилинади.
Туман ХҚМБ катта инспекторлари, подполковник Нилуфар Собирова ва капитан Сандугаш Нурсултонова ҳамда «Қўрғонтепа» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Ш.Каримова билан ҳамкорликда профилактик суҳбат ўтказилади.
Жараёнда маълум бўладики, 2022 йилда турмуш қурган ёш оила қайнона-қайнотаси билан келиша олмай, алоҳида яшаш мақсадида ижара уйга кўчиб ўтади. Айни пайтда оилада фарзанд йўқлиги ҳамда моддий томондан етишмовчилик юзага келгани сабабли, Ш.Ш.га турмуш ўртоғи томонидан турли руҳий тазйиқ бўлаётгани аниқланади.
Мазкур ҳолатни инобатга олиб, фуқаро Ш.Ш.га ҳуқуқий маслаҳат берилиб, ҳимоя ордери расмийлаштирилди. Энг асосийси, эр-хотин яраштирилди.
Оилада келишмовчилик пайдо бўлса, биринчи навбатда, муаммонинг келиб чиқиш сабаби ўрганилади.
Аёл билан дилдан суҳбат қурилади, -дейди подполковник Нилуфар Собирова. — Кўпинча бизга мурожаат этаётган аёллар ажрашишни сўнгги чора, деб билади.
Аслида баъзан келишмовчиликка жуда оддий ҳолатлар ҳам сабаб бўлади: ўринсиз рашк, қариндошларнинг бемаврид аралашуви, меъёридан ошган орзу-ҳаваслар…
Зеро, ажрашиш — е-чим эмас. Оила мустаҳкамлиги учун барчамиз масъулмиз.
Подполковник Нилуфар Собирова ҳамда капитан Сандугаш Нурсултонова 16 та маҳалла аҳолиси билан ишлаб келади.
Нотинч оилалар билан тез-тез профилактик суҳбатлар ўтказиб, оила мустаҳкамлигини асраш ҳамда фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Афсуски, нотинч оилаларда вояга етаётган болалар журъатсиз, қўрқоқ ва одамови бўлиб қолишади. Баъзилари эса урушқоқ, сиркаси сув кўтармайдиган бўлишади, — дейди капитан Сандугаш Нурсултонова. — Оиладаги нотинчлик ҳолати болалар руҳиятида ёмон акс этади.
Синфдошлари, ҳатто устозлари билан келишолмайди. Бора-бора тажовузкор бўлиб қолиши ҳам мумкин. Ота-онасини ёмон кўриб қолиб, уйидан чиқиб кетишлар, жиноят оламига дахлдор бўлиб қолишларни ҳам шу сабаб билан боғлаш мумкин.
Биз ажрим ёқасидаги ота-оналарга бу каби ҳолатларни тушунтириб, уларни ёмон тақдирлардан асрашга ҳаракат қиламиз.
Ҳа, одамлар мушкулининг осон бўлиши ва ажрим ёқасидаги оилаларнинг ярашувига сабабчи бўлган онида ўзини дунёнинг энг бахтли кишиси, деб ҳисоблайдиган подполковник Нилуфар Собирова ва капитан Сандугаш Нурсултонова каби фидойи ходималар бор экан, улар кучни халқнинг дуоларидан олади.
Бу билан янада кўпроқ ишлайди, янгидан-янги эзгу мақсадларни кўзлайверади. Эл-улус улардек одамлар ташвиши йўлида жонҳалак, жоннисор аёлларга ҳамиша муҳтождир.
©️ «Postda» газетаси, Адолат Файзиева, Тошкент шаҳри.
