Рейд тадбири. Қоидабузарларга чора кўрилди
2024-07-08 15:00:00 / Янгиликлар

Урганч шаҳри ҳудудида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш мақсадида навбатдаги «Назорат» рейд тадбири ўтказилди. Бунда асосий эътибор қўпол қоидабузарлик ҳолатларини аниқлашга қаратилди.
Вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ходимлари иштирокида ўтказилган бир кунлик рейд тадбири давомида йўл ҳаракати билан боғлиқ бўлган 791 та қоидабузарлик аниқланди.
Шундан 161 нафар ҳайдовчи транспорт воситасини тегишли ҳужжатларсиз бошқарган, 6 нафари ЙПХ инспекторларининг қонуний талабини бажармаган, 7 нафари транспорт воситаси ойналари тусини ўзгартирган. Энг ачинарлиси, 8 нафар ҳайдовчи ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўйиб, транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган.
Тадбир давомида қоидабузарларга тегишли 244 та автотранспорт воситаси белгиланган тартибда жарима майдончасига жойлаштирилди.
Аниқланган барча ҳолатлар бўйича ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда бошқараётгани, тезликни меъёр талабларидан ошириши, светофор ишораларига риоя этмаслиги йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда, — дейди вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ Ахборот гуруҳи катта мутахассиси, капитан Шавкат Бобожонов. — Шу боис бундай нохуш ҳолатларнинг барвақт олдини олиш мақсадида маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда, дам олиш оромгоҳларида кўплаб профилактик тадбирлар ўтказиляпти, тарғибот материаллари тарқатилмоқда.
Рейд тадбири давомида вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ томонидан ташкил этилган «Тарғибот автокарвони» шаҳарнинг аҳоли гавжум ҳудудлари бўйлаб ҳаракатланиб, кўргазмали материаллар, йўл-транспорт ҳодисасига учраган автомобиллар орқали тарғибот ишларини давом эттиришди.
Бу каби рейд тадбирлари вилоятнинг барча шаҳар-туман ҳудудларида давом этмоқда.
©️ «Postda» газетаси, Худойберган Жабборов, Хоразм вилояти.
