2024 йил Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили. Ёшлар билан мулоқот
2024-07-05 19:00:00 / Янгиликлар
Сўнгги йилларда янги Ўзбекистонни барпо этишдек улкан мақсадга эришиш йўлида ёшларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларга барча соҳада ўз иқтидори ва салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратиб бериш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Зеро, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол ёшлар эртамиз эгаларидир.
Пойтахтимиздаги «Ёшлар ижод саройи»да ўтказилган ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг вазирлик тизимида фаолият юритаётган ёшлар билан учрашувида ҳам бу борада атрофлича сўз юритилди.
Ҳар бир йигит-қиз давлатимиз раҳбарининг келажак бунёдкорларига бўлган катта ишончини оқлаш учун, қайси соҳада фаолият юритмасин, астойдил меҳнат қилиши, ўз устида тинимсиз изла-ниши, зиммасидаги вазифаларни интизом ва кучли ирода билан бажариши кераклиги қайд этилди.
Таъкидлаш жоизки, 2021 йилдан бошлаб, ички ишлар органларида июнь ойи «Ёшлар ойлиги» деб эълон қилиниб, энг фаол ёш ходимлар иштирокида ёшлар форуми ўтказилиши анъанага айланди.
Жумладан, жорий йилнинг 19-21 июнь кунлари ички ишлар органлари ёш ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг IV Республика ёшлар форуми Қашқадарё вилоятида ўтказилди.
Шу ўринда ёш ходимлар орасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва истеъдодларни кашф этишга қаратилган «Энг фаол ёшлар етакчиси», «Тўмарис издошлари», «Заковат», «Ёш китобхон», «Қувноқлар ва зукколар», «Аждодлар изидан», «Ҳарбий эстафета», «Жанговар марш» каби турли танлов ва мусобақалар ўтказиб келинаётганини ҳам таъкидлаш ўринлидир.
Бугунги кунда 485 нафар ёш ходим профессионал спорт билан доимий равишда шуғулланади. Уларнинг 62 нафари халқаро тоифадаги, 272 нафари миллий тоифадаги спорт устаси даражасига эришганлиги барчамизни қувонтиради, албатта.
Хусусан, шу йил 8 мартда Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган беллашувда профессионал бокснинг WBA йўналишида Тошкент вилояти ИИББ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди ходими, майор Исроил Мадримов жаҳон чемпионига айланди.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионати ва Осиё ўйинларида Тошкент шаҳар ИИББ ТВБСО ходими, лейтенант Абдумалик Халоқов 1 ўринни қўлга киритди.
Қозон шаҳрида ўтказилган жанговар самбо бўйича халқаро мусобақада Фарғона вилояти ИИБ ТВБСО ходими, сержант Лутфилла Сайдаматов олтин медални қўлга киритди.
Шижоатли ёшларни қилган меҳнати, эришган ютуқларига яраша рағбатлантириш, улар орасидан билимли, ҳалол ва жонкуяр ходимларни раҳбарлик лавозимларига тайинлаш жуда муҳим вазифадир.
Ҳозирги кунда ҳудудий ички ишлар органларида 206 нафар ёш ходим (4 нафари аёл) раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бормоқда.
Масалан: Севара Худойберганова Хоразм вилояти, Муҳаббат Хидиралиева Сирдарё вилояти ИИБ ҲПБ бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари бўлса, Саламат Утемуратов Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЖХХ бўлим бошлиғи, Достон Ибрагимов Сурхондарё вилояти ИИБ Киберхавфсизлик бўлими бошлиғи ҳисобланади.
Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган тадбирда генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов иштирокчиларга соҳанинг кеча ва бугуни, фаолияти давомида тўплаган тажрибалари ва соҳа кишиси замон билан ҳамнафас яшаши ва хизмат олиб бориши зарурлиги хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.
Ёшларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглаб, таклифлари билан қизиқди. Эътиборли жиҳати ёшлар тилга олган масалалар вазирликнинг тегишли раҳбарларига ўрганиш ва зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун йўналтирилди.
Ўз навбатида, билим ва иқтидори, ташаббускорлиги, ҳалол ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ёш ходимларнинг бир гуруҳи 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан турли идоравий мукофотлар билан рағбатлантирилди.
Шунингдек, уларнинг 7 нафарига рағбатлантириш тариқасида муддатидан олдин махсус унвон, 44 нафарига имтиёзли уй ва ссуда маблағлари ажратиш бўйича ваучерлар тақдим этилди.
©️ «Postda» газетаси