Кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тайёрлаш ва тарқатиш билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳ қўлга олинди
2024-07-05 09:00:00 / Янгиликлар
ИИВ Тезкор-қидирув департаменти томонидан ДХХ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Бўстонлиқ туманида жойлашган дала ҳовлида катта миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тайёрлаш ва тарқатиш билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳ қўлга олинди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тезкор қидирув департаменти, ДХХ, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан Бўстонлиқ ҳамда Яшнобод туманларида тезкор тадбирлар ўтказилди.
1997 ва 2003 йилда туғилган икки нафар шахс Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги дала ҳовлида таркибида кучли таъсир қилувчи моддаларни қўлбола усулда қадоқлаш билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланиб, манзилдан 13 кг 500 грамм (45 минг дона) Прегабалин ҳамда 20 литр (2 минг дона) Тропикамид моддалари, шунингдек 60 минг дона атрофида Тропикамид ва Прегабалин дори воситаларининг бўш капсула ҳамда флаконлари ашёвий далил сифатида олинди.
Тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилиб, қўлга олинган шахсларга катта миқдорда дори воситаларини олиб келган, 1998 ва 1993 йилда туғилган, икки нафар курьерлар «Нексия-3» русумли, автомашинада Тошкент шаҳри Яшнобод тумани ҳудудида кетаётган вақтида ушланиб, ҳайдовчининг ёнидан 10 дона «Прегабалин» кучли таъсир қилувчи дори воситаси олинди.
Дастлабки тезкор-суриштирув ишлари давомида, ушланган шахслар телеграм мессенжерида ташкил этилган каналда «дори воситаларини қадоқловчи» ва «етказиб берувчи» сифатида ишлаётганлиги, маълум бўлди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида ушланган 4 нафар шахсдан 3 млрд 300 млн сўмлик жами 13 кг 500 грамм (45 минг дона) Прегабалин ва 20 литр (2 минг дона) Тропикамид кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинди.
Ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан жиноят кодексининг 251 прим 1 -моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ИИВ Тезкор қидирув департаменти