Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи Шофиркон туманида ўрганишлар олиб бориб, Ғиждувон туманида бунёдкорлик ишлари билан танишди
2024-07-03 11:55:00 / Янгиликлар

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов бугун, Шофиркон туманининг «Шибирғон» маҳалласида бўлиб, янгидан қурилаётган маҳалла биноси, тикувчилик цехи ва профилактика инспекторининг хизмат уйида амалга оширилаётган қурилиш, ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди.
Жараёнда, янгидан қад ростлаётган иншоотларни замон талаблари асосида, маҳалла вакиллари ҳамда ҳудуд аҳолиси фойдаланиши учун қулай тарзда, тез ва юқори сифат асосида қуриб фойдаланишга топшириш борасида масъулларга манзилли топшириқлар берди.
Ғиждувон тумани «Кўлижаббор» маҳалласида бўлиб, туман сектор раҳбарлари, тааллуқли масъуллар ҳамда маҳалла еттилиги ҳамроҳлигида ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларининг бориши, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан ўрганишлар олиб борди.
Бошқарма бошлиғи дастлаб, маҳаллада ташкил этилган вилоят 3-сектор штабида масъуллар билан амалга оширилаётган ишларни бирма-бир муҳокама қилди.
Шундан сўнг, маҳалладаги 52-сон умумий ўрта таълим мактаб ҳудудида барпо этилаётган спорт майдони, йўл ҳаракати хавфсизлиги машғулотларини ўтказиш учун мўлжалланган машқ майдончасида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди.
Кейинги манзил ҳудуддаги 45-сон мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Бу ерда ҳам масъулларга муассаса фаолиятини яхшилаш, болажонлар учун муносиб шарт-шароитларни яратиб бериш, бўш ер майдонларидан унумли фойдаланиш юзасидан бир қатор тавсиялар берилди.
Шунингдек, янгидан барпо этилаётган маҳалла биносида олиб борилаётган сўнгги пардозлаш, тозалаш ва ободонлаштириш ишлари ҳам кўздан кечирилди.
Ўрганишлар якунида коммуникация тармоқлари, инфратузилма ҳолатини яхшилаш, электр таъминоти, ичимлик суви билан таъминлаш даражасини яхшилаш борасида масъулларга аниқ ва манзилли топшириқлар берилди.
Бу каби ўрганишлар давом эттирилмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати





