Жазони ижро этиш тизимида. Қалбда адолат маёғи билан
2024-06-29 07:05:00 / Янгиликлар

Иномжон 2011 йилда тергов ҳибсхонасида илк хизмат фаолиятини бошлаган эди. Ўша кезлари унга майор Нўмон Аъзамов, подполковник Жонибек Жўраев касб сирларини ўргатиб, устозлик қилишган. У ҳар бир маҳкум ва маҳбусга хушмуомалада бўлади, қонун талабларини ётиғи билан тушунтиради.
Лавҳамиз қаҳрамони йиғма-жилдларни юритиш, ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича бой тажриба тўплаган. Бу борада унга анча-мунча ҳуқуқшунослар ҳавас қилишади. Мабодо майор Иномжон Маматқуловни мақтагудай бўлсангиз, камтарлик билан: «Халқ, давлат олдидаги бурчимни бажаряпман, холос», — дейди.
Мана, столи устида яна бир айбланувчининг йиғмажилди. Ушбу шахс Россия Федерациясида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. У банкда ишлаган даврида фуқаролар номига кредит расмийлаштириб, ўзлаштирган. Жавобгарликдан қутулиш мақсадида Россияга қочиб кетган.
Қўлга олингач, дастлабки тергов ҳаракатлари чоғида қарийб саксон миллион сўмлик зарарни қоплаган. Шу боисдан суд унга озодликни маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаган. Эртага у озодликка чиқарилади. Айбланувчи, гумон қилинувчи шахслар озодликка чиққанида, ҳар доим Иномжон ҳам улар билан бирга хурсанд бўлади. Ҳозир ҳам йиғмажилдни кўздан кечиргач, қувониб турибди.
— Ўн уч йиллик фаолиятим давомида бор-йўғи уч марта устимдан шикоят қилишган, — дейди ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД Учинчи минтақавий ҳудуди 8-тергов ҳибсхонаси махсус ҳисоб бўлими инспектори, майор Иномжон Маматқулов. — Лекин учала ҳолатда ҳам хизмат текшируви натижаларига кўра хатти-ҳаракатим қонунга мувофиқ деб топилган.
Бунинг сабаби оддий. Чунки қалбида адолат маёғи ёниб турган инсоннинг юзи ҳамиша ёруғ бўлади.
Ўз мухбиримиз. Сирдарё вилояти.
