Наманган вилояти ИИБда навбатчилик қисми ва «102» хизмати ходимлари учун ўқув машғулоти ўтказилди
2024-06-23 09:00:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органларида навбатчилик қисми ва «102» хизмати ходимларининг ўрни муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унда ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган фуқаролар томонидан келиб тушаётган мурожаатлар, шунингдек, жиноят ёки ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги хабарлар юзасидан зудликда тегишли чора-тадбирлар белгилаш асосий вазифа сифатида белгилаб берилган.
Бугун Наманган вилояти ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев раҳбарлигида ўтказилган ўқув машғулотида бошқарма бошлиғи ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, вилоят ва барча шаҳар-туманлар ИИБларининг Навбатчилик қисмлари, «102» хизмати ҳамда бошқа масъул ходимлари иштирок этиб, мазкур йўналишда йўл қўйилаётган камчиликлар муҳокама қилинди ҳамда келгусида уларни бартараф этиш ва ишни тўғри ташкил қилиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Ўқув машғулоти давомида хизмат интизоми ва қонунчиликка амал қилиш аҳволи чуқур таҳлил қилиниб, ходимлар ўртасида салбий ҳолатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида тегишли чора-тадбирларни белгилаш, Ички ишлар органларига келиб тушаётган ҳар бир мурожаат ва хабарлар бўйича зудликда тергов-тезкор гуруҳларини ҳамда бошқа масъул ходимларнинг ҳодиса содир этилган жойга етиб боришларини таъминлаш, ходимлар юритувдаги ҳужжатлар юзасидан ўз муддатида қонуний қарор қабул қилинишини доимий назорат қилиб бориш ҳамда ўз хизмат вазифаларини белгиланган тартибда амалга оширишлари юзасидан масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати



