Наманган вилояти ИИБ ташаббуси билан «Раҳбар ва ёшлар учрашуви» ўтказилди
2024-06-21 11:50:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг июнь ойи «Ёшлар ойлиги» деб белгиланиб, республикамизнинг барча ҳудудларида, шунингдек, Наманган вилоятида ҳам «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида кенг қамровли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда.
«Ёшлар ойлиги» доирасида Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари полковник Шухрат Алиев томонидан ҳам вилоят ёшларининг муаммоли мурожаатларини ўрганиш ва уларга ижобий ечим топиш мақсадида мунтазам равишда сайёр қабуллар, учрашув ҳамда очиқ мулоқотлар ташкил қилинмоқда.
Навбатдаги «Раҳбар ва ёшлар учрашуви» Давлатобод туманида жойлашган Наманган муҳандислик-технология институтида ташкил этилиб, унда вилоятнинг 14 та шаҳар-туманидан 200 нафардан ортиқ йигит-қиз ва уларга бириктирилган раҳбарлар иштирок этишди.
Дастлаб, бошқарма бошлиғи бугунги кунда ёшларнинг таълим олиш, спорт билан шуғулланиши, замонавий билимларни ўзлаштириши учун мамлакатимизда барча шароитлар мавжудлиги, яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланаётган йигит-қизлар бугун Ўзбекистон номини дунёга танитишда катта ҳисса қўшиб келаётганини алоҳида эътироф этди.
Самимий мулоқот тарзида кечган учрашувда ёшлар томонидан билдирилган мурожаатлар, ечимини кутаётган масалалар ҳам эътибордан четда қолмади. Турли масалалардаги мурожаатларнинг барчаси қабул қилиниб, уларнинг аксарияти жойнинг ўзида ҳал этилди. Айримлари эса масъулларга бириктирилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.
Маданият ва санъат вакиллари томонидан Ватанни мадҳ этувчи, ёшликни ёдга солувчи куй-қўшиқлар учрашувга янада кўтаринкилик бахш этиб, йиғилганларга юқори кайфият улашди.
Учрашув якунида тенгдошларига ўрнак ва намуна бўлиб келаётган бир гуруҳ ёшларга бошқарма бошлиғи томонидан эсдалик ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати



