Китоб жавонингизга. Киройи дўстинг шундай бўлса…
2024-06-20 19:00:00 / Янгиликлар

Яқинда Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник Зокиржон Алматовнинг «Унутилмас хотираларим» номли китоби нашрдан чиқди. Китобда муаллифнинг босиб ўтган ҳаёт йўли, шу жумладан, ички ишлар органлари тизимидаги узоқ йиллик самарали фаолияти мобайнида бошидан кечирган заҳмат ва қийинчиликлари, орттирган бой тажрибаси, шу билан бирга, мамлакатимиз ҳаётида рўй берган муҳим воқеалар ҳақида ҳам ҳаққоний ҳикоя қилинади.
Хабарингиз бор, Зокиржон Алматов ҳамда ИИВ Жамоатчилик кенгаши раиси, Ўзбек миллий академик драма театри директори, Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Тожикистон халқ артисти, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Ёдгор Саъдиевни узоқ йиллик дўстлик ришталари боғлаган. Қуйида китоб муаллифининг қадрдон дўсти, халқимизнинг суюкли санъаткори билан боғлиқ хотираларидан бир шингилини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Худойимга минг шукрлар бўлсинки, мени оқибатли дўстлардан қисмаган. Ана шундай ишончли, ўзгалар ҳожатини чиқаришга доимо тайёр, вафодор дўстларимдан бири эл суйган санъаткор, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевдир.
У қадрдонларига, яқинларига жуда меҳрибон инсон. Бирор дўстининг бошига иш тушса, касал бўлиб қолса, имкони борича ёрдам беришга ҳаракат қилади. Менга нафақат чин дўст, балки жигаримдай бўлиб қолган…
Театр, кино ва телевидениеда роллар ижро этиб, актёрлик санъатини пухта эгаллаган Ё.Саъдиев режиссёрлик соҳасида ҳам фаолият кўрсатиб, театр саҳнасида «Тунги меҳмон», «Алдагани хотин яхши», «Ҳаёт — эшик ортида» каби спектаклларни саҳналаштирди.
1998 йилдан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги «Қалқон» студиясига бадиий раҳбарлик қилган вақтида ёзувчи Тоҳир Маликнинг «Шайтанат» романи асосида кўп серияли «Шайтанат» видеофильмини режиссёр сифатида суратга олди ва ўзи Асадбек ролини ижро этиб, кинода жиддий муваффақиятга эришди.
2001 йилда «Қалқон» студиясида Ё.Саъдиев режиссёрлигида «Шайтанат» видеофильмининг 5 серияли иккинчи қисми суратга олиниб, маданий жамоатчилик кўригига тақдим этилди.
Ёдгор Саъдиевнинг 50 йиллик самарали ижодий меҳнати муносиб тақдирланди. У 1989 йилда Республика Давлат мукофотига, 1998 йилда «Ўзбекистон халқ артисти» фахрий унвонига ва яқинда «Эл-юрт ҳурматли» орденига сазовор бўлди.
Имкони бўлганда вақт топиб, у билан дийдорлашиб, гурунглашиб турамиз. Ёдгор Саъдиев бир куни суҳбат асносида:
- Зокиржон ака, одамлар ҳажга бориб келяпти, умрага бориб келяпти. Биз ҳам Аллоҳнинг мусулмон бандаси сифатида ана шу фарз амални бажарсак бўлармиди, — деди.
- Ёдгор ака, ўша кунлар ҳам келади, албатта. Аллоҳ насиб этганида, биз ҳам умра, ҳаж сафарларига бориб келамиз, — дедим унга далда бериб.
Орадан ҳеч бир вақт ўтмай ана шундай вазият, қолаверса, зарурият пайдо бўлди. Дўстимга қўнғироқ қилиб:
- Ёдгор ака, Саудия Арабистонидаги бир шайх дўстим оғир касал бўлиб қолибди, вақт ажрата олсангиз, бориб кўриб келардик, — дедим.
- Ана шу хислатингизга қойил қоламан, Зокиржон ака. Бирор яқинингиз, дўстингиз касал бўлса, қаерда бўлмасин, бир марта бўлса ҳам, хабар олиб келасиз. Майли, сиз айтган кунингиз йўлга чиқамиз, борганим бўлсин, — деди Ёдгор Саъдиев.
Икки дўст Саудия Арабистонига йўл олдик. Биз тушган самолёт аэропортга қўнаётган пайтда, бошқа бир самолёт фазога кўтарилди.
Уни кўриб негадир юрагим бир оз безовталанди. Буни сезган Ёдгор Саъдиев ҳол-аҳвол сўради.
- Йўқ, хавотир олманг, Ёдгор ака. Ҳозир учиб кетган самолётга кўзим тушдию, нима учундир юрагим безовта бўлди, — дедим уни тинчлантириб.
Хавотирим бежиз эмаслиги самолётдан тушиб, аэропортнинг кутиш залига келганимизда аён бўлди. Маълум бўлишича, ҳалиги шайх дўстимнинг аҳволи бир оз оғирлашиб, уни ўша самолётда Лондонга олиб кетишган эди. Шайх кетаётиб, бизларни назарда тутиб, Ўзбекистондан меҳмонлар келишини айтиб, уларни кутиб олишни тайинлаган экан.
Икки қадрдон Жидда шаҳрида бир оз туриб, меҳмон бўлдик. Кейин дўстимга:
- Яқинда умрага, ҳажга қачон борамиз, деб сўрагандингиз.
Шунча жойдан бу ерга келдик. Энди бир йўла умра амалларини бажариб кета қоламиз, — дедим.
Қаранг, Ёдгор аканинг нияти чин кўнгилдан, холис экан. Астойдил эътиқод қилган, нияти холис бўлган кишиларнинг ишини Яратганнинг ўзи ўнгидан келтириб қўяди, дейишгани нақадар тўғри эканлигига ўшанда яна бир бор амин бўлгандим.
Икки дўст ўша куниёқ умра амалларини бажаришга киришдик. Муқаддас Каъба атрофида айланиш ва уни тавоф қилиш чоғида минглаб одамлар орасида бизга ҳам осонгина Қора тошга пешонамизни текказиш насиб этди.
Ибодатларимиз чоғида Аллоҳдан биринчи галда юртимизда тинчлик, осойишталикнинг бардавом бўлишини, давлатимиз равнақ топиб, халқимиз фаровон яшашини, ундан кейин эса оила аъзоларимиз соғ-саломат бўлиб юришларини сўрадик.
- Ана, Ёдгор ака, ўша кунги суҳбатимизда қилган ниятингизга фаришталар «Омин!» деган экан.
Кўрдингизми, бир дўстимнинг баҳонасида умра бажариш шарафига муяссар бўлдик. Шу кунларни бизга ато этгани учун Яратган Эгамга беҳисоб шукроналар бўлсин, — дедим қадрдонимга Тошкентга қайтаётиб.
Янги йил арафаси. Ёдгор Саъдиев билан санаторийда дам олаётган эдик. Санаторий жуда баҳаво ерда жойлашган бўлиб, тўйиб-тўйиб нафас олардик.
Атрофдаги гўзал манзарани кўриб кўзимиз қувнайди. Пастдаги сойда зилол сув шарқираб оқиб турибди. Бир сўз билан айтганда, жаннатмонанд жой. Лекин ашаддий кашанда бўлган Ёдгор ака шундай баҳаво жойда ҳам чекишни канда қилмасди.
- Тоза ҳавода тўйиб-тўйиб нафас олсангизчи, Ёдгор ака, сигаретани тутатавермасдан. Ўпкангизни заҳарлаб нима қиласиз? — дедим унинг соғлиғини ўйлаб.
- Организмим ўрганиб қолган. Чекмасам бошим қаттиқ оғрийди, — деди у ўзини оқламоқчи бўлиб.
- Уйқунгизда кеча тунда роса йўталиб чиқдингиз, — дедим гапимга жиндек ёлғон аралаштириб. Аслида бир-икки марта қисқа йўталиб қўйганди, холос.
- Кашандаликни бекорга қоралашмайди, ўпкага кони зарар, дейишади. Шуни чекишдан бирор фойда топдингизми?
Бу гапимдан Ёдгор ака роса хавотирга тушди. Демак, сигарета чекишдан бутунлай воз кечиш вақти етибди, деган фикр хаёлидан ўтди, шекилли:
- Бўлди, Зокиржон ака, бугундан бошлаб шу зормандани чекишни ташлайман, — деди қатъий оҳангда.
- Билмадимов, — дедим атайин унинг қатъиятини кучайтириш учун. — Кашандаларнинг сигарета ташлаши вақтинча, дейишади.
- Бугун эски йилнинг охирги куни. Эртадан янги йил бошланади. Янги йилдан менинг сигарета чекканимни кўрмайсиз! -деди Ёдгор ака тантанавор оҳангда.
Шу билан сигарета мавзуси тугади. Ҳақиқатан ҳам, дўстим сўзида турди кашандаликдек зарарли одатини бутунлай ташлади.
Балки, кейинроқ ўйлаб кўриб, менинг озгина ваҳима қилганлигимни сезгандир, балки сезмагандир.
Нима бўлганда ҳам, қадрдоним кони зарар бўлган одатдан қутулди.
Мен эса унинг ирода кучига қойил қолдим. Ҳар доим Ёдгор Саъдиевни эслаганимда, «Киройи дўстинг шундай бўлса» дейман.
Менга ҳаётда шундай самимий, садоқатли дўст ато қилганидан Аллоҳимга беадад шукроналар айтаман.
©️ «Postda» газетаси
