Қоровул қўшинларида. Орзулар қанотида
2024-06-13 23:35:00 / Янгиликлар
ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли Тошкент вилоятида жойлашган 7535-ҳарбий қисм махсус вазифаларни бажарувчи сафарбарлик взводи 2-жанговар гуруҳи командири, катта лейтенант Азизбек Исмоилов отаси истеъфодаги сержант Хушвақт Каримовга ҳавас қилиб шу касбни танлади.
У бундан тўрт йил муқаддам мамлакатимиз Қуролли Кучлари Академиясини муваффақиятли тамомлаб, мазкур ҳарбий қисмда хизматни бошлади. Ёш офицерга майор Дилмурод Ҳасанов устозлик қилди.
Гуруҳ ҳарбий хизматчилари қўшинлар миқёсида ўтказиладиган турли мусобақа ва танловларда иштирок этиб, юқори натижаларга эришаётир. Жумладан, ўтган йили гуруҳ катта мутахассис сапёри, III даражали сержант Шахбоз Бўрибоев «Алвон берет» соҳиби бўлди. Шунингдек, гуруҳ катта мутахассиси, хизмат итлари бўйича йўриқчи, III даражали сержант Муҳриддин Мирзаалиев эса ўтган йили «Янги Ўзбекистон» боғида ўтказилган «Янги нафас» оммавий югуриш мусобақасида 3 км. масофага югуриш бўйича фахрли 1-ўринни қўлга киритди.
Орзулар қанотида парвоз қилаётган А. Исмоилов ўз устида тинимсиз изланиб, соҳани мукаммал ўрганишга интилмоқда. Шу кунларда у навбатдаги «Алвон берет» ва «Довюрак жангчи» интенсив синовларига пухта тайёргарлик кўряпти.
Михли САФАРОВ, ўз мухбиримиз.
Тошкент вилояти.