Наманган вилояти ИИБ бошлиғи полковник Шухрат Алиев томонидан ҳуқуқ-тартибот масканларининг фаолияти муҳокама қилинди
2024-06-13 16:20:00 / Янгиликлар
Жорий йилнинг апрель ойида Наманган шаҳар, Давлатобод ва Янги Наманган тумани ҳудудларида жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли муаммолари, шунингдек, мурожаатларини тезкорлик билан қонуний ҳал этишда янгича тизим ташкил этилиб, унга кўра, ушбу шаҳар-туманлар 15 та кичик ҳудудларга бўлиниб, уларнинг ҳар бирида аҳолига хизмат кўрсатувчи ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилди.
Полковник Шухрат Алиев ҳузурида ўтказилган муҳокама йиғилишида бошқарма жамоат хавфсизлиги хизмати раҳбарияти, Наманган шаҳар, Давлатобод ва Янги Наманган тумани ИИБлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимлари бошлиқлари, шунингдек, 15 та ҳуқуқ-тартибот маскани бош инспекторлари иштирок этиб, ҳуқуқ-тартибот масканларининг икки ойлик иш фаолияти юзасидан ҳисоботлари тингланди ҳамда ҳудудларда ишни самарали ташкил этиш бўйича тайёрланган тақдимотлари намойиш этилди.
Йиғилиш давомида сўнгги 2 ой ичида кичик ҳудудларда амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, фуқаролар томонидан келиб тушаётган мурожаатлар, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси аҳволи чуқур таҳлил қилиниб, ҳуқуқ-тартибот масканларининг фаолияти натижасида жиноятлар салмоғи сезиларли даражада камайганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шу билан бирга, масканларни тўлиқ рақамлаштириш, у ерда соҳа хизматлар фаолиятини янада кенгайтириш юзасидан таклифлар киритиш бўйича масъул раҳбарларга аниқ топшириқлар берилди.
Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати