Сулола. Қурбонбой ота ёққан машъала
2024-06-10 16:15:00 / Янгиликлар

Истеъфодаги подполковник Қурбонбой Тангирбердиев ёққан машъала ҳали ҳануз фарзандлари ва набиралари томонидан эстафета сифатида қўлдан-қўлга ўтиб келмоқда. Унинг ўғли қарийб қирқ йил соҳада хизмат қилган истеъфодаги полковник Султонбой Тангирбердиевнинг ҳаёт йўли ва фаолияти эса ҳақиқий ибрат намунаси. Набиралари истеъфодаги подполковник Акмалжон Тангирбердиев, майор Бобур Тангрибердиев ва ИИВ Академияси курсанти Қурбонбой Тангрибердиев сулоланинг давомчиларидир.
Қатағон қиличининг заҳри
Қурбонбой 1926 йилда Боғот туманида туғилган. Ўн тўрт ёшидан оиласи тирикчилигини таъминлаш мақсадида қишлоқдаги жамоа хўжалигида котиб, ҳисобчи ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Ҳарбий хизматдан сўнг Туркистон ҳарбий округининг йўлланмаси билан Қирғизистонга бориб, Фрунзе шаҳар ИИБда 15 йил давомида хизмат қилган. Бир пайтнинг ўзида Олма-ота ўрта махсус милиция мактабини ҳам тамомлаган.
Холисхон ая билан турмуш қуриб, уч қиз ва тўрт ўғилни тарбиялаб вояга етказишди. 1965 йилда эса уни ўзи туғилиб ўсган Хоразмга юборишади. Дастлаб вилоят ИИБда, сўнгра Урганч шаҳар ИИБда жиноят қидирув бўлинмаси ва Қўшкўпир, Ҳазорасп тумани ИИБларига раҳбарлик қилди. Ўнлаб шогирдларни тарбиялаб, устоз мақомига эришди.
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ўзбек халқининг бошига қора булутдек ёпирилган гдлянчиларнинг тазйиғига ўшанда Ҳазорасп тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Қурбонбой Тангирбердиев ва унинг ҳамкасблари ҳам учраган. Марказдан юборилган терговчиларнинг асоссиз равишда ўтказган руҳий ва жисмоний тазйиғ-у ҳақоратлари унинг саломатлигига жиддий таъсир қилади. Пенсияга чиққанидан бир ой ўтиб, ўткир юрак хуружи туфайли вафот этади.
Ҳақиқий ибрат намунаси
Отасининг йўлини Султонбой давом эттирди. У ҳақиқий ўзбек ўғлони, ёшлик шижоати ва ғайрати жўш уриб турган йигит, ички ишлари органлари ходими бўлиш мақсадида Ленинграддаги ИИВ Олий сиёсий билим юрти, кейинчалик эса ИИВ Ҳарбий-сиёсий академиясида таҳсил олади. Бир неча йил ўз юртидан узоқда хизмат қилгач, истиқлолнинг илк давридаёқ Ўзбекистонга қайтади ва кейинги фаолияти она Ватанида ўтади.
Бир муддат ИИВ Ички қўшинлари бошқармасида, сўнгра вазирлик Академиясида кафедра бошлиғи, саф қисми бошлиғининг ўринбосари, кундузги бакалавриат курс бошлиғи сифатида самарали хизмат қилди. 2004 йилда Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларига С. Тангирбердиев бошлиқ этиб тайинланади.
Эндигина ташкил этилган курсларда ҳали ўқув адабиётлари етарли эмас эди. У шу соҳанинг етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда кечаю кундуз изланиш олиб бориб, ҳуқуқий ва услубий адабиётлар тайёрлаб, ўқув-методик базани шакллантиришда жонбозлик кўрсатди. Бу эса келгусида республика ички ишлар органларига етук мутахассислар етказиб беришда ўзига хос замин бўлиб хизмат қилгани айни ҳақиқат. Ўша йиллари соҳа ривожи ва ички ишлар органларига мутахассислар тайёрлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан, «Mehnat shuhrati» ордени билан мукофотланди.
Қаҳрамонимиз 10 йил мобайнида мингдан зиёд кадрларни тайёрлашда ўз ҳиссасини қўшди ва 2014 йилда ушбу лавозимдан иззат-икром билан пенсияга кузатилди. Ҳозирда унинг шогирдлари нафақат ИИВ Академияси ва Малака ошириш институтида, балки республикамиз ва хориждаги ички ишлар органларида масъул лавозимларда хизмат қилишмоқда.
Ҳамкасблари ва шогирдларининг хотирлашича, С. Тангирбердиев ўз касбининг устаси ҳамда билимдони бўлишдан ташқари, югуришда ҳам, тўсинда тортилишда ҳам барчани лол қолдирган. Юриш-туриши, тартиб билан кийиниши ва муомала маданияти, мунтазам интизомга ва озодаликка риоя қилиши унинг салобатини янада оширарди. Талабчан ва қаттиққўл, тўғрисўз, адолат тарафдори ҳамда ваъдасининг устидан чиқадиган қатъиятли раҳбар бўлиш билан бир қаторда, софдил ва меҳрибон, ҳар бир сўзни ўз ўрнида ишлатадиган инсон эканлиги ҳам унинг ўзига хос фазилатларидан эди.
— Бизнинг танишишимиз 1979—80 йилларга бориб тақалади, дейди истеъфодаги полковник Иброҳим Маҳмудов. Шу йиллари мен Россиянинг Элиста шаҳридаги ҳарбий қисмларнинг бирида йигитлик бурчимни ўтаётган эдим. С. Тангирбердиев рота командирининг ўринбосари эди. Шу ерда у мен билан қизиқиб қолган ва ўқишим кераклигини айтиб, Владикавказдаги ҳарбий билим юртида таҳсил олишим учун йўлланма олишимга ёрдам берган. Шундан сўнг анча вақтлар ўтди. Мен Андижондаги ИИВ Ички қўшинларга қарашли батальонда командир ўринбосари бўлиб хизмат қилаётганимда Султонбой ака хизмат сафари билан бориб қолди. Шу ерда яна учрашдик ва бу кейинги биргаликдаги фаолиятимизга пойдевор бўлди. С. Тангирбердиев ИИВ ИҚБ 7345-сонли ҳарбий қисм командири эди. Унинг тавсиясига кўра, мен ушбу ҳарбий қисм командирининг ўринбосари лавозимига тайинландим. Кейин Султонбой ака билан ИИВ Академиясида 2006-2012 йилларда бирга хизмат қилдик. Ҳам қадрдон дўстим, ҳам устозим бўлган бу қалби дарё инсондан ҳам ҳаётий, ҳам соҳага оид кўп нарсаларни ўргандим.
С. Тангирбердиев пенсияга кузатилганидан сўнг Бектемир туманидаги «Chilon Lubricants» МЧЖга раҳбарлик қилди. Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалгач, ижтимоий ҳимоя биринчи ўринга чиқди. Шунда республика миқёсида ҳукумат томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатларга кўмак бўлиш мақсадида ушбу МЧЖ тумандаги 50 нафар оилани оталиққа олиб, озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа керакли нарсалар билан таъминлашда ҳамда вақтинча ташкил этилаётган «COVID» марказларини қуриш ва керакли анжомлар билан таъминлашда жонбозлик кўрсатди. Афсус, ушбу даврда Султонбой аканинг ўзи ҳам коронавирусга чалиниб, хасталикдан вафот этди. Вафотидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига биноан, «Mehr-saxovat» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Эстафета давомчилари
Султонбой ака турмуш ўртоғи Лобар опа билан уч фарзандни вояга етказишди. Улар орасидан ўғли истеъфодаги подполковник Акмалжон Тангирбердиев ҳам сулола давомчиси сифатида узоқ йиллар ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ҳузуридаги Тергов бошқармасида хизмат қилди.
Соҳани танлашимда ҳаётини яхшиликларга, хайрли ва савоб ишларга бахшида этган, ўзидан яхши ном ва из қолдиришга ҳаракат қилган бобом ҳамда отамнинг ўрни алоҳида бўлган, дейди А. Тангирбердиев. Чуқур билим ва малака талаб қилувчи тергов йўналишида фаолият юритишимда ҳам отамнинг насиҳатлари қўл келган. Оғир, вазмин ва мулоҳазали бўлган отамнинг ҳар бир ўгити ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизда мустаҳкам замин бўлган.
Айни кунда Қурбонбой отанинг яна бир фарзанди Улуғбек аканинг ўғли майор Бобур Тангрибердиев Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармасида терговчи. Яхши ният билан бобосининг исми қўйилган яна бир сулола давомчиси Қурбонбой Тангрибердиев ИИВ Академиясида таҳсил олмоқда.
Сарвар Собиров, ўз мухбиримиз. «Постда»