Қардошлик, дўстлик ва ҳамкорлик
2024-06-09 18:35:00 / Янгиликлар

Юртимизда кўплаб соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан инсон ҳуқуқларини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш каби саъй-ҳаракатлар дунё халқлари эътирофини қозониб келмоқда. Қўшни давлатлар билан ҳам қардошлик, дўстлик, ҳамкорлик алоқаларимиз тобора мустаҳкамланиб боряпти. Иқтисодиёт, маданият, санъат, таълим ва бошқа бир қанча йўналишларда ҳамкорлик йўлга қўйилгани халқимизнинг дунё саҳнасида ўзини намоён этишида муҳим омил бўлади. Бу каби жараёнлар ички ишлар органлари, хусусан жазони ижро этиш тизимида ҳам жуда яхши йўлга қўйилган.
Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига Беларусь делегациясининг ташрифи амалга оширилган эди. Меҳмонлар соҳада қилинган ишлар билан танишиб, юксак баҳолагани ҳақида айтгандик. Жорий йилнинг 2-6 июнь кунлари эса қўшни Қирғизистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш хизмати раиси Аскат Эгембердиев бошчилигидаги делегация юртимизга ташриф буюриб, ЖИЭД фаолияти билан танишди. Делегация аъзолари Департаментнинг янги биносида яратилган имкониятлар, навбатчилик қисми, спорт заллари, кутубхона, ошхона, жисмоний ва жанговар тайёргарлик хонаси ва бошқа шарт-шароитлар билан таништирилди.
Департамент мажлислар залида бўлиб ўтган учрашувда эса, Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи, полковник Рустам Турсунов меҳмонлар билан суҳбатлашиб, юртимизда инсон ҳуқуқларини таъминлаш, жазони ижро этиш жойларидаги шахсларга фойдали ҳунарлар ўргатиш, озодликка тайёрлаш каби масалалар ҳақида маълумотлар берди. Шунингдек, ишлаб чиқариш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, боғдорчилик, чорвачилик каби йўналишларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Шундан сўнг меҳмонлар Биринчи минтақавий ҳудуд 24-сон Тарбия колониясида бўлиб, у ердаги вояга етмаган тарбияланувчиларга яратилган шароитлар, муассаса қошидаги мактаб филиали, касб-ҳунарга ўқитиш марказини кўздан кечиришди. Муассасада амалга оширилган ишлар, маънавий-маърифий тадбирлар, илмга, касб-ҳунарга кўрсатилаётган юксак эътиборни эътироф этдилар.
Шунингдек, делегация Биринчи минтақавий ҳудуд 42-сон Манзил колониясида ҳам бўлиб, ишлаб чиқариш фаолияти билан яқиндан танишдилар. Муассаса раҳбарлари билан ҳам суҳбатлашиб, йўлга қўйилган устоз-шогирд анъаналари, тикувчилик цехи, чорвачилик, боғдорчилик каби йўналишларда амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади. Айниқса чорвачилик фермасидаги замонавий технологиялар, наслдор қорамоллар, маҳкумларнинг иш билан таъминланганлиги ва яратилган шарт-шароитларга эътибор қаратди.
Ташриф давомида биринчи минтақавий ҳудуд 13-сон ЖИЭК, Учинчи Минтақавий ҳудуднинг Самарқанд вилоятида жойлашган 38-сон Манзил колонияси билан ҳам танишдилар. Ходимларнинг хизмат фаолияти, касбий тажрибаси, маҳкумларни тарбиялаш борасидаги ишлар эътироф этилди.
Делегация аъзолари ташриф давомида юртимиздаги муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар ва эътиборга молик бошқа мажмуаларни ҳам саёҳат қилишди. Жумладан пойтахтимиздаги «Ғалаба боғи»даги суронли йилларда юртимиз бошидан кечирган кунларни акс эттирувчи экспонатлар, Ўзбекистоннинг ғалабага қўшган ҳиссасини акс эттирувчи суратлар ва бошқа кўргазмалар билан танишди. Самарқанд вилоятида эса «Шоҳи зинда», «Гўри Амир», мажмуалари ҳамда «Бибихоним» мақбараси, «Улуғбек расадхонаси», «Боқий Самарқанд» каби эътиборга молик объектларимизда бўлиб, кўҳна қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримиз билан танишиш имконига муваффақ бўлдилар.
Тадбир сўнггида Делегация аъзолари Жазони ижро этиш тизимида амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар ҳақида суҳбатлашиб, ўзаро тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Шунингдек, маҳкумларни тарбиялаш, жиноятларнинг олдини олиш, ходимлар тажрибасини ошириш каби хизмат самарадорлиги учун муҳим бўлган жиҳатларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олинди. Айни масалалар юзасида икки давлат вакиллари ўртасида меморандум имзоланди.









