Бухоро вилояти Ғиждувон туманида вилоятдаги мавжуд 13 та «қизил» тоифага киритилган маҳаллалар еттилик вакиллари билан ўқув-амалий семинари ўтказилди
2024-06-06 19:35:00 / Янгиликлар

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев куни кеча Бухоро вилоятига қилган ташрифи давомида вилоятимизни камбағаллик, ишсизлик ва жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш ҳамда бошқа бир қатор муҳим соҳаларда «Бухоро тажрибаси»ни яратишни устувор вазифа сифатида белгилаб берди.
Ушбу топшириқларга асосан, Давлат бошқаруви академиясининг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан камбағаллик даражаси юқори бўлган 13 та «маҳалла еттилиги» ўқитилмоқда.
Шунингдек, Бош прокуратура Академияси ва Ички ишлар вазирлиги Академиясининг профессор-ўқитувчилари томонидан вилоятимизда жиноятчилик ошган «қизил тоифа»даги 41 та «маҳалла еттилиги»ни ўқитиш ҳам белгиланган.
Мазкур дастур асосида бугун, 6 май куни Ғиждувон туманида вилоятдаги мавжуд 13 та «қизил» тоифага киритилган маҳаллалар еттилик вакиллари билан ўқув-амалий семинари ўтказилди.
Семинарда, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов, Давлат бошқаруви Академияси профессор ўқитувчилари Актам Холов ва Шавкат Асадовлар, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Муроджон Умаров, олий таълим муассасаларининг ректорлари, проректорлари ва профессор-ўқитувчилари ҳамда 13 та «қизил» тоифадаги маҳаллар еттилик вакиллари иштирок этишди.
Ўқув семинарида сўз олган Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов маҳаллани хавфсиз ва жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида айрим маҳаллаларда маҳалла еттилигининг роли сезилмаётганлигини, жиноятларни жиловлаш йўлларини ҳали кўпчилик тушуниб етмаганини, тушуниб етганларида ҳам лоқайдлик ва ташаббускорлик йўқлиги кузатилаётганини айтиб, ҳар бир маҳалла еттилиги ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган аҳолининг 30 фоизи билан манзилли ишласа, маҳаллада жиноят бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.
Шу билан бирга, Давлат бошқаруви академияси профессор ўқитувчилари томонидан мавзу юзасидан маърузалар қилиниб, маҳаллаларда ижтимоий профилактикани амалга ошириш юзасидан ишлаб чиқилган услубий қўлланмалар бўйича батафсил тушунчалар бериб, мазкур йўналишда натижадорликка эришишнинг йўллари юзасидан бир қатор тавсияларини тақдим этишди.
Бу каби ўқув-амалий семинарлари Бухоро вилоятининг барча шаҳар-туманлари бўйлаб давом этмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати



