Фахрийлар – фахримиз. Ҳамон куч-ғайратга тўла
2024-06-06 12:20:00 / Янгиликлар

Омонбой Мамасолиев серфарзанд оилада вояга етган. Отаси Мамасоли ака бутун умр қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилган, онаси Ҳошияхон опа уй-рўзғор ишлари ва фарзандлар тарбияси билан шуғулланган.
Омонбой Андижон педагогика институтини битиргач, қишлоқ мактабида ўқитувчи бўлиб ишлади. Муддатли ҳарбий хизматни ўташ чоғида кичик офицерлар таркибини тайёрлаш бўйича қисқа муддатли курсларни тамомлаб, лейтенант унвони билан захирага бўшатилди.
1968 йилда О. Мамасолиев қалб амри билан ички ишлар органлари сафига кириб, Андижон вилояти ИИБ шахсий таркиб билан ишлаш хизмати инспектори, катта инспектори сифатида фаолият олиб борди. Хизматдан айрилмаган ҳолда, ИИВ Тошкент олий мактабини тамомлаб, 10 йилдан ортиқ вилоят ИИБ Қўриқлаш бўлими бошлиғи лавозимида хизмат қилди. Кейинчалик Андижон вилояти ИИБда турли масъулиятли раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб борди ва 1994 йилда полковник унвони билан истеъфога чиқди.
Қарийб олтмиш йил бирга яшаган рафиқаси Зиннатхон опа билан беш фарзандни вояга етказиб, олий маълумотли бўлишларида қўл-қанот бўлишди. Тўнғич ўғли Улуғбек қишлоқ хўжалиги соҳасида, Исломбек эса ички ишлар органларида хизмат қилиб, майор унвонида истеъфога чиқди.
Қизлари Ферузахон ва Дилфузахон мактабда ёш авлодга таълим-тарбия бериб келмоқда.
Истеъфодан сўнг қаҳрамонимиз уйида бекор ўтира олмади. Ўн йилдан ортиқ вақт давомида Жалақудуқ туманидаги «Омонлик» фермер хўжалигига раҳбарлик қилди, бу хўжалик пахта ва ғалладан юқори ҳосил олиб машҳур бўлган. Сўнгги пайтларда Омонбой ака набиралар тарбияси билан машғул.
Андижон вилояти ички ишлар органлари тарихига исмлари зарҳал ҳарфлар билан битилган генерал майорлар Мухтор Султонов, Ғафур Раҳимов, полковниклар А. Хатипов, С. Қўчқоров ва О. Раҳимовлар билан хизмат қилиш шарафига муяссар бўлганман.
Шунингдек, шогирдларим полковниклар А. Собиров, Б. Тошматов, У. Абдураззоқовлар билан фахрланаман.
Лавҳамиз қаҳрамони бугун ҳам куч-ғайратга тўла. У вилоят ИИБ бўлинмаларининг доимий меҳмони. Ёш ходимлар билан учрашувларда қатнашиб, уларга хизмат йиллари ҳақида сўзлаб беради, ҳаётий тажрибаси билан ўртоқлашади ва хизмат бурчини ҳалол ва виждонан бажаришга ундайди.
Борис Клейман, ўз мухбиримиз. «Постда»
Андижон вилояти
