Терговни билимдонлар олиб боради. «Йўлчироғим — ҳақиқат, қарорим — адолат»
2026-01-26 17:00:00 / Янгиликлар

Тергов ҳаракатларини олиб бориш ҳуқуқий билим, теран мушоҳада, таҳлил ва одил хулоса билан бирга сабр-тоқат, ҳиссиётни идора қилиш ва руҳий барқарорлик талаб қилади. Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси тергов ва суриштирув фаолиятини ташкил этиш бўлими ўта муҳим ишлар бўйича терговчиси, «Содиқ хизматлари учун» медали соҳиби, подполковник Дилфуза Эгамова ана шундай фазилатлари туфайли мураккаб синовлардан ўтиб, ҳамкасблари орасида ўз ўрнини топди, ҳурмат ва эътибор қозонди.
2007 йилдан буён ички ишлар органларида хизмат қилаётган лавҳамиз қаҳрамони ишни виждонан бажаришни, фуқаро тақдирига қонун доирасида ёндашишни ўзига мезон ва ҳаётий мақсад қилиб олган. Жиноятларни фош этишда ҳужжатларда аниқликка, далилларни тизимли йиғишга, қарорларни ҳуқуқий асос билан қабул қилишга алоҳида эътибор қаратади. Унинг касбий ютуқлари фақат иш натижалари билан эмас, балки инсонларга бўлган муносабатда ҳам намоён бўлади. У ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганини яхши англайди.
- Подполковник Дилфуза Эгамова соҳавий ва минтақавий назоратни пухта амалга ошириб, дастлабки терговни ташкил этиш борасида услубий-амалий ёрдам кўрсатиб, мазкур бўлинмалар иш самарадорлигини оширишда фаол иштирок этяпти. Жиноят ишларини тугатишнинг асослилигини ўрганиб, уларнинг қонунийлиги бўйича хулосалар қилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда, — дейди вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси бошлиғи, полковник Комилжон Гаффаров.
Унинг отаси истеъфодаги полковник Раббимқул Эгамов, онаси Назокат опа шундай қизлари билан фахрланишади.
- Йўлчироғим — ҳақиқат, қарорим — адолат. Яхши ният ва яхши орзу инсон тақдирига таъсир этади. Шунинг учун ҳар доим эзгу ният қиламан, йўлдан адашганларга ҳам ниятни тўғри қилинг, хайрли ишларни, амалларни орзу қилинг дейман. Ҳар бир ишга адолат ва виждон билан ёндашаман. Чунки эртага виждонимнинг сўроғидан уялиб қолмаслигим керак дейди, — Дилфуза Эгамова.
Лавҳамиз қаҳрамони вилоят ИИБ хотин-қизлар кенгашининг ҳуқуқий тарғибот масалалари бўйича аъзоси. Ўтган йиллар давомида орттирган бой тажрибаси ва билимларини ёш ходимларга қунт билан ўргатиб, хизмат кўникмаларини ҳосил қилишда ёрдам бериб келмоқда.
Умида Мамадалиева, ўз мухбиримиз. «Постда»
Самарқанд вилояти
