Тошкент вилояти ИИББда «Раҳбар ва ёш ходимлар» очиқ мулоқоти бўлиб ўтди
2026-01-23 09:00:00 / Янгиликлар

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасида ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразаков бошчилигида ёш ходимлар билан очиқ мулоқот тарзидаги учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида бошқарма бошлиғи тизимда ёш ходимларга қаратилаётган эътибор, улар учун яратилаётган шарт-шароитлар, мавжуд имкониятлар билан бир қаторда, фаолият давомида учраётган айрим муаммолар ва камчиликлар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.
Шунингдек, мазкур камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда хизмат самарадорлигини оширишда ёш ходимларнинг фаоллиги муҳим эканини алоҳида таъкидлади.
Очиқ мулоқот жараёнида ёш ходимлар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита жавоб олиш, шунингдек, хизматни янада такомиллаштиришга қаратилган ташаббус ва таклифларини билдириш имконига эга бўлди.
Билдирилган масалалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Шу билан бирга, айрим таклифлар бўйича ижро муддатлари ва назорат механизмларини янада аниқлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Тадбирда ИИББ бошлиғи маслаҳатчиси, истеъфодаги генерал майор Сайфулла Асадов ҳам сўзга чиқиб, ўзининг бой хизмат тажрибаси, касбий фаолият давомида орттирган сабоқлари билан ўртоқлашди.
У ёшларга ватанпарварлик, касбга садоқат, хизмат жараёнидаги синов ва масъулиятларга бардошли бўлиш зарурлиги ҳақида ҳаётий мисоллар орқали тушунтириш берди.
Учрашув якунида хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришиб келаётган бир гуруҳ ёш ходимлар муносиб мукофотланди.
Умуман олганда, мазкур очиқ мулоқот учрашуви ёш ходимларнинг касбий ривожига кўмаклашиш, уларнинг масъулиятини ошириш ҳамда тизимда очиқлик ва соғлом мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Келгусида бундай учрашувларни мунтазам ва аниқ ижро назорати асосида ташкил этиш ёшлар билан ишлаш самарадорлигини янада ошириши билан аҳамиятлидир.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати









