Ўғлонларин унутмас Ватан! Исми жисмига мос эди
2026-01-21 23:00:00 / Янгиликлар

«Жасур», «жасоратли» сўзлари «хавф-хатардан, қийинчиликлардан қўрқмайдиган, довюрак» деган маъноларни англатади. Жасуржон Муҳаммадов оилада тўрт ўғилнинг сарвари сифатида укаларига сардор, етакчи бўлиб, исми жисмига мослигини бутун ҳаёт йўли мобайнида исботлади. У болалигидан ички ишлар органи ходими бўлишни орзу қиларди.
Ушбу тизимдаги илк фаолиятини қўриқлаш хизматида бошлади. Кейинчалик Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ Йўл-патруль хизмати инспектори лавозимига тайинланди. Мустаҳкам интизом, сергаклик ва ҳалоллик унинг кундалик шиорига айланди. Сафдор Жасуржон Муҳаммадов хизмати давомида фуқаролар хавфсизлигини таъминлашни ўзининг муқаддас бурчи деб билди.
Қоидабузарларга нисбатан муросасиз бўлди. Қисқа фаолияти давомида жамоада ўз ўрнини топди, обрў-эътибор қозонди.
2025 йилнинг январь ойида Навоий шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида хизмат олиб бораётган вақтда йўл қоидаларини қўпол равишда бузиб, боз устига давлат рақамисиз ҳаракатланиб келган «KIA Sonet» автомашинасини кўриб қолди. Унга тўхташ ишорасини қилди. Аммо машинани бошқараётган шахс ходимнинг қонуний талабига бўйсунмай, уни уриб юборди. Оғир тан жароҳати олган Жасуржон Муҳаммадов шифохонага олиб кетилаётган пайтда вафот этди.
Текширувлар жараёнида автомашинани ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган, 2008 йилда туғилган 10-синф ўқувчиси бошқаргани, у йўл-транспорт ҳодисасини содир этгандан сўнг жабрланувчига ёрдам кўрсатмасдан, воқеа жойидан яширинишга урингани аниқланди.
Хизмат вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлган Жасуржон Муҳаммадовнинг фожиали ўлими нафақат оила аъзолари, балки барча касбдошлари, уни яқиндан билган инсонларни ларзага солди.
Бугун у орамизда йўқ, аммо ёрқин хотираси қалбларда яшамоқда. Унинг номи — жасорат тимсоли, ҳаёти эса бурчга садоқат намунаси бўлиб қолди.
Ватан ҳимоячилари куни арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган фармонга мувофиқ, ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳи Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.
Улар қатори марҳум Жасуржон Муҳаммадов ҳам «Жасорат» медали билан мукофотланди.
©️ “Postda” газетаси, Маҳлиё Холова, Навоий вилояти.
