Қашқадарё вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Президент Қарорлари ижроси доирасида амалий семинар-тренинглар ўтказилди
2026-01-21 09:00:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, жиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда «ижтимоий профилактика» тамойили асосида тизимли фаолиятни йўлга қўйишга қаратилган ПҚ-1 ва ПҚ-2-сонли Қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоятида амалий семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.
Мазкур семинар-тренинглар вилоятдаги «қизил» тоифадаги ҳудудларга бириктирилган масъуллар ҳамда маҳалла еттилиги вакиллари иштирокида ўтказилиб, уларнинг асосий мақсади ҳудудларда жиноятчиликни жиловлаш, хавфсиз муҳитни шакллантириш ва профилактик чораларни янада кучайтиришдан иборат.
Тадбирларда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Абдувохид Исмоилов иштирок этиб, Президентимиз қарорларида белгиланган устувор вазифалар ижроси, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Семинар-тренинг давомида ҳудудларда содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, видеокузатув воситаларини кенг жорий этиш, савдо шохобчалари ҳамда хонадонларни марказлашган пультга улаш, «хавфсиз кўча» ва «хавфсиз йўлак»ларни ташкил этиш, шунингдек, тунги ёритиш тизимини яхшилаш бўйича бажарилган ишлар юзасидан тақдимотлар намойиш этилди.
Фаолият давомида эришилган ижобий натижалар билан бирга йўл қўйилган камчиликлар ҳам танқидий-таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича масъуллар ва маҳалла еттилиги вакилларига аниқ топшириқлар белгилаб берилди.
Шунингдек, бошқарма бошлиғи ўринбосари томонидан вилоят миқёсида «қизил» тоифадаги ҳудудларда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ва чора-тадбирлар кўргазмали тарзда семинар иштирокчиларига етказилди.
Таҳлилий йиғилиш давомида Шаҳрисабз шаҳри, Шаҳрисабз тумани ҳамда Китоб тумани ИИБ раҳбарлари ўз ҳудудларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, жамоат тартибини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот бердилар.
Йиғилиш якунида мазкур ҳудудларда «Йўл харитаси» асосида «Обод ва хавфсиз ҳудуд» тамойилини изчил жорий этиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасини комплекс йўлга қўйиш, «ижтимоий профилактика» тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.
Қашқадарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати









