Қарор ва ижро. Уйи борнинг ўйи йўқ
2026-01-11 10:35:00 / Янгиликлар

Янги Ўзбекистонда ўтган 2025 йилда ўз уйига эга бўлган кишиларнинг кайфияти, қувончи бошқача. Шундай хушкайфиятдаги кишилар орасида давлатимизнинг ички ишлар органлари ходимларига бўлган эътибори ва ғамхўрлигидан беҳад миннатдор бўлган ходимлар ҳам талайгина.
Самарқанд шаҳар ИИОФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Муҳриддин Норпўлатов турмуш ўртоғи, Самарқанд шаҳар ИИОФМБ 6-сон ИИБ Канселярия катта иш юритувчиси, сафдор Нодирабегим Абдусаломовалар айнан шулар сирасига киради. Ахир улар йиллар давомида ижарада яшаб, у уйдан бошқасига кўчиб сарсонгарчиликда яшашар эди. 2025 йил бу оила учун омадли йил бўлди. Улар ҳам кўпчилик ҳамкасблари қатори ўз уйига эга бўлишди.
Уй инсоннинг хотиржамлик манбайи, шахсий истак ва орзулари рўёбга чиқадиган маскан. Шу боис, бундай қувончли лаҳзалар кишига нафақат шодлик ва шукроналик ҳадя қилади, балки инсон қалбида бир умрга муҳрланиб қолади.
- Ички ишлар органларида хизмат қилишнинг ўзига хос машаққати бор. Навбатчиликда тунлар бедор ўтади. Байрам кунлари ҳам ишда бўламиз. Масъулият доимо елкамизда. Шу йиллар давомида бир орзум бор эди. Фарзандларим эмин-эркин, яйраб улғайишлари учун хотиржам яшайдиган масканга эга бўлсам деган. Ўтган йилда орзум ҳақиқатга айланди, — дейди капитан М.Норпўлатов.
Бу оиланинг қувончли лаҳзалари албатта. Ватанга садоқатли хизмати ва машаққатли меҳнатларининг самараси. Бир-бирини қадрлаб, оилавий бахтни ҳис қилиб яшашининг ҳосиласи. Ҳар бир оилада ўзаро бир-бирини тушуниш, бир мақсадга интилиш бўлса, мақсадлар аста-секин рўёбга чиқаверади.
- Инсоннинг ўз уйига эга бўлиши чексиз бахт. Биз турмуш ўртоғим билан бу бахтни кутиб яшадик. Янги уй бахт қўрғонимизга айланди. Болаларимиз янги уйда, ўз хоналарида шўх-шодон катта бўлишади. 2025 йилда ана шу орзумиз ушалди. Айниқса, дастлабки тўловнинг фоизи Ички ишлар вазирлиги томонидан тўлаб берилганидан жуда миннатдорман, — дейди сафдор Н. Абдусаломова.
Умида Мамадалиева, ўз мухбиримиз, «Постда»
Самарқанд вилояти
