Касбий бурч ва масъулият рамзи: тингловчилар қасамёд қабул қилди
2026-01-11 09:35:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида бошланғич касбий тайёргарликнинг навбатдаги курсида таҳсил олаётган 280 нафардан зиёд тингловчиларнинг қасамёд қабул қилиш тантанали маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, фахрий ходимлар, шунингдек, тингловчиларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок этди. Тантанали маросим Давлат мадҳияси садолари остида бошланди.
Маросим давомида тингловчилар Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, хизмат бурчини сидқидилдан адо этишга қасамёд қилди. Қасамёд қабул қилиш орқали улар ички ишлар органлари ходимига хос бўлган юксак масъулият ва бурчни ўз зиммаларига олдилар.
Сўзга чиққанлар тингловчиларни ушбу муҳим ҳаётий босқич билан табриклаб, уларнинг келгусидаги хизмат фаолиятида садоқат, ҳалоллик, интизом ва касбий маҳорат асосий мезон бўлиши лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, ички ишлар органларида хизмат қилиш нафақат шараф, балки улкан масъулият эканлиги алоҳида қайд этилди.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати









