Касбим фахрим. Энг олий бурч
2026-01-11 08:00:00 / Янгиликлар

Йигит киши учун Ватан тинчлиги ва юрт осойишталигини асрашдан улуғ масъулият бўлмаса керак. Бу тушунча менинг онгимга болалигимдан сингиб келган. Чунки отам Қудратбек Комилжонов узоқ йиллар давомида ҳарбий қисмда хизмат қилиб, эл-юрт хавфсизлигини таъминлашни ўз ҳаётининг мазмунига айлантирган инсон эди. Унинг хизматга бўлган садоқати, интизоми ва Ватанга муҳаббати мен учун доим ибрат бўлиб келди.
Шу боис эл тинчлигини қўриқлашга қаратилган касбни танлаш мен учун тасодиф эмас, балки онгли қарор бўлди. Шу мақсадда Ички ишлар вазирлиги Академиясида таҳсил олдим. Бу даргоҳда нафақат ҳуқуқий билим, балки инсон тақдири, жамият барқарорлиги ва фуқаролар билан ишлаш маданиятига оид муҳим сабоқларни олдим. Академияни 2023 йилда тамомлаб, Андижон туманидаги «Кенгаш» маҳалла фуқаролар йиғинига профилактика инспектори этиб тайинландим. Шундан буён ушбу маҳалла аҳолисининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш менинг кундалик хизмат бурчимга айланди.
«Кенгаш» МФЙ туманнинг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисоблансада, у ўзининг тартиб-интизоми ва аҳолининг ҳамжиҳатлиги билан ажралиб туради. Маҳаллада салкам 4 минг нафар фуқаро истиқомат қилади. Бундай катта ҳудудда осойишталикни сақлаш осон иш эмас. Лекин тизимли ёндашув, аҳоли билан яқин мулоқот ва ҳар бир оиланинг ҳолатини билиш орқали барқарор муҳит яратиш мумкинлигини амалда исботлашга ҳаракат қилмоқдаман. Бунинг натижасида ўтган йил давомида ҳудудда бирорта жиноят содир этилмади.
Бу тасодифан қўлга киритилгани йўқ. Аввало, ҳар бир хонадонга кириб, фуқаролар билан юзма-юз суҳбатлар ўтказилди. Оилаларнинг турмуш шароити, иқтисодий аҳволи, ўзаро муносабатлари ўрганилди. Чунки жиноятларнинг илдизи кўп ҳолларда оиладаги муҳит, ишсизлик ёки ижтимоий муаммолар билан боғлиқ бўлади. Ана шу ҳолатларни барвақт аниқлаш орқали муаммони унинг илдизидаёқ бартараф этиш мумкин. Шу асосда аҳолини иш билан таъминлаш, кредитга йўналтириш, тадбиркорликка жалб этиш каби ишлар йўлга қўйилди. Айни пайтда ичкиликка мойил, жанжалкаш оилалар ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган 10 нафар фуқаро билан якка тартибда иш олиб борилмоқда. Улар билан мунтазам суҳбатлар ўтказиб, ҳаётга бўлган қарашини ўзгартириш, жамиятга қайта мослашишида амалий кўмак бериляпти.
Менинг хизматдаги ўй-фикрларим, режаларим баъзан оиладаги муҳитга ҳам кўчади. Боиси, турмуш ўртоғим катта лейтенант Раҳимахон Жўрабоева Андижон шаҳар ИИБ терговчиси вазифасида фаолият олиб боради. Бу эса зиммамизга юклатилган вазифанинг ижобий ижросини таъминлашимизда қўл келади. Ҳар бир ишни маслаҳатлашган ҳолда амалга оширамиз.
Тан олиш керак, авваллари ички ишлар органлари ходимларига бўлган ҳавасим бир томонлама бўлган. Уларнинг эгнидаги хизмат либоси, хулқ-атворидаги салобатлилик кўпроқ эътиборимни тортган эди. Бугун эса бу касб эгалари зиммасига улкан масъулият юклатилганлигини, ҳар бир фикри, ҳар бир қадамида инсонлар тақдири, ҳудуд осойишталиги мужассам эканлигини юракдан ҳис этаман. Ана шу масъулият мени бугун кечагидан, эртага эса бугунгиданда фаолроқ хизмат қилишга ундайди.
Иззатбек ЁҚУБЖОНОВ, Андижон туманидаги «Кенгаш» МФЙ профилактика инспектори, катта лейтенант.
