Кўпнинг кўнглига йўл топиб
2026-01-09 12:10:00 / Янгиликлар

Ёш келинчакнинг қаҳру ғазаб билан дардини достон қилаётган онаси қўшнисининг «Қўйинг, қизингизга совчи келган пайтларда ҳали ёш, бир-икки йил кутишсин, деганимизга парво қилмаган ўзингизку. Яхшиси, қудангиз билан муроса қилинг. Фарзандлар бебахт бўлиб қолмасин» деган гапларига қулоқ солгиси ҳам келмасди. Шукрки, кейинчалик кўпни кўрган маҳалла кайвонисию хотин-қизлар фаоли, раису профилактика инспектори аралашиб, оила асраб қолинди. Ҳозир қайнона маъракаларда келинини оғзидан бол томиб мақтайди...
Дарҳақиқат, оилавий ажралишларнинг олдини олишда ҳамжиҳату ҳаммаслаҳат ишлаётган маҳалла еттилигининг ўрни катта бўляпти. Қоракўл туманидаги «Дарғали» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам бу борада ўрнак бўларли ишлар амалга ошириляпти.
- Маҳалламизда 1230 тадан зиёд оила бўлса, шуларнинг салкам ярми ёш оилалардир, — дейди профилактика катта инспектори, майор Аброр Мақсудов. — Оилаларда ҳамжиҳатликка эришиш нафақат энди турмуш қурган келин-куёвлар, балки хонадонда яшаётган бошқа инсонларнинг муносабатига ҳам боғлиқ. Биз профилактик ишларни олиб боришда ана шу жиҳатга алоҳида эътибор беряпмиз.
Ўтган йил давомида 9 та оилавий можаро оилани қўллаб-қувватлаш ва яраштириш комиссиясида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди. Ажримлар бўлмади. Айни пайтда 3 та низоли оила бор. Улар билан ҳам маҳалла еттилиги доимий равишда учрашиб, муаммоларига ечим топиб келишмоқда.
Майор Аброр Мақсудов ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз курашади. Маъмурий назоратда турганлар, оила-турмуш доирасида ҳуқуқбузарликлар содир этаётган шахслар, спиртли ичимликка ружу қўйганлар, профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганлар билан тушунтириш ишларини олиб боришдан ташқари, маҳалла аҳлининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ёшлар билан қонун устуворлиги, киберхавфсизликка қарши курашишга бағишлаб тадбирлар ўтказаётгани жиноятчиликнинг олдини олишда асқатяпти.
- Маҳалламизда яшовчи В.Х. исмли шахс ичкиликка ружу қўя бошлади. Ҳар кеч уйига маст бўлиб келар ва жанжал қиларди. Охири турмуш ўртоғи менга учрашди. Аброржон билан маслаҳатлашиб, уни мажбурий даволашга юбордик, — дейди маҳалла раиси Мурод Ҳамроев.
Маҳаллада тинчлик ва осойишталикни сақлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда лавҳамиз қаҳрамони айнан маҳалла фуқаролар йиғини раиси, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси билан биргаликда, бамаслаҳат ишлагани боис катта ютуқларни қўлга киритмоқда.
- Майор Аброр Мақсудов жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ижобий натижалари билан бошқа ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келмоқда, — дейди туман ИИБ бошлиғи ўринбосари, майор Эркин Қобилов.
Лавҳамиз қаҳрамони ички ишлар органларидаги илк фаолиятини 2013 йили Қоровулбозор тумани ИИБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизматида бошлаган эди. Орадан тўрт йил ўтиб, уни Қоракўл тумани ИИБ профилактика хизматига ўтказишди. У тумандаги «Янги турмуш», «Қозон», «Аликахўжа» маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритди. Албатта, бу даврда ёш ходим изланувчанлиги, касбий ва жисмоний маҳоратини ошириб бориши ҳамда намунали хизмати билан раҳбарият назарига тушган эди. Мана, уч йилдирки, у «Дарғали» маҳалласида самарали фаолият олиб бормоқда.
Майор А. Мақсудов шогирди, катта лейтенант Шерзод Усмонов билан хизмат олиб бораётган «Шакарбек» маҳалласида яшовчи Ў. Хуршиданинг ҳовлисида тақиқланган 129 туп кўкнор ўсимлигини парвариш қилиб келаётганини ҳамда 140 грамм қуритилган кўкнор ўсимлиги борлигини аниқлади. Шунингдек, у муқаддам бир неча маротаба ўғрилик жиноятини содир қилган Қ. Отахонни Бухоро шаҳрида яшириниб юрган манзилини аниқлаб, уни ушлаб келади. Сўнг 4-сонли ИИБ тергов ҳибсхонасига жойлаштиради.
Бир сўз билан айтганда, майор А. Мақсудов эл-ташвишини ўйлаб, маҳалла фаоллари билан ҳамжиҳатликда ҳудуддаги осойишталикни таъминлаш
йўлида фидойилик кўрсатиб хизмат қилмоқда. Унинг хизматидан эса аҳоли миннатдор.
Мирзоқул Аҳадов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Бухоро вилояти
