«Хавфсиз ва соғлом юрт». Бузоқнинг югургани сомонхонагача
2026-01-09 08:30:00 / Янгиликлар

Чуст туманининг «Деҳқонобод» маҳалласида яшовчи У.Т. исмли шахс Норин туманида истиқомат қилувчи Т.Ф. га 1 гектар ер майдонини сотишни таклиф этди ва бу учун 8500 АҚШ доллари сўради.
Т.Ф. эса бу таклифни қабул қилиб, У.Т. га аввалига 5000 АҚШ долларини, кейинчалик қолган пулни тўлашга келишади. Бироқ бу фирибгарлик режаси амалга ошмади. Наманган вилояти ИИБ ходимлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, Т.Ф.дан пулни олиш жараёнида У.Т. қўлга олинди.
Мамлакатимизда хавфсизлик масаласи бугунги кунда нафақат давлат, балки жамиятнинг ҳам энг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Айниқса, аҳоли ўртасида жиноятчиликни камайтириш ва жамиятни салбий омиллардан ҳимоя қилиш учун кўплаб ташаббуслар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда Наманган вилоятида «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли профилактик тадбирлари доирасида муҳим натижаларга эришилди. Хусусан, Тўрақўрғон, Мингбулоқ, Чуст ва Давлатобод туманларида гиёҳвандлик моддаларини савдога қўйган шахслар ушланиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
«Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли профилактик тадбирлари нафақат жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, балки фуқароларни ҳуқуқий ҳимоя қилишга қаратилган муҳим чоралардир. Бу тадбирларнинг самарали ўтказилиши вилоят аҳолисининг жиноятга қарши курашишдаги фаоллигини янада оширади ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Жаҳонгир ТЎХТАСИНОВ, ўз мухбиримиз.
Наманган вилояти.
