Ватан мени улғайтирган
2026-01-05 10:50:00 / Янгиликлар

Фарғона шаҳар ИИБ Тергов бўлими катта суриштирувчиси, капитан Умиджон Сайфутдиновга 2025 йил жуда омадли келди. Оиласида ҳам, иш жойида ҳам кўплаб қувончли воқеалар юз берди. Энг муҳими, ўз уйига, яъни, кичик ватанига эга бўлди.
Фарғона шаҳрининг Мозий кўчасидаги янги қурилган кўп қаватли уйдан 2 хонали хонадонни имтиёзли кредит асосида сотиб олиб, яқинда янги уйга кўчиб ўтди.
Шаҳар Ички ишлар бошқармаси маъмурий биносининг ёнгинасида жойлашган ушбу кўп қаватли уйдан Умиджон билан бирга яна 47 нафар ички ишлар органлари ходимлари ўз хонадонларига эга бўлишган.
— Барча ҳамкасблар бир жойда яшаш жуда завқли бўларкан, — дейди капитан У. Сайфутдинов. — Қўни-қўшничилик ришталарини ўрнатиб, аҳил-иноқ, бир-биримизга суянч ва далда бўлиб яшаяпмиз. Энг эътиборлиси, уйимизнинг деразасидан ишхонамиз шундоққина кўриниб туради. Ишга кеч қолиш, уйга кеч қайтиш, деган ноқулайликлар умуман йўқ. Тушликда ҳам оиламдан хабар олиб тураман. Бундан ортиқ шароит, бундан ортиқ бахт бўладими инсонга. Ишлаган сари, ишлагинг келади.
Умиджон Бешариқ туманининг Сойлаби қишлоғида туғилиб камолга етган. 2018 йилда ИИВ Академиясини тамомлаб, соҳада иш бошлаган. Ҳозирда 2 нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи билан янги уйда хотиржам ҳаёт кечиришмоқда. Янги уйга кўчиб ўтгач, Бешариқда яшайдиган отаси Камолдин Холматов, онаси Гулбаҳорхон Туроноваларнинг ҳам кўнгли хотиржам бўлди. Авваллари, фарзандлари ижара уйда яшаганида, меҳмонга келгани хижолат тортишарди. Энди эса набираларини кўргани бемалол келиб-кетишмоқда.
— 2025 йилдан жуда миннатдорман, — дейди лавҳамиз қаҳрамони. — Янги йилда ҳам орзуларим жуда кўп. Энг олий мақсадим эса ана шундай имконият ва шароитлар яратиб бераётган Она ватанимга, танлаган касбимга садоқат билан хизмат қилиш, ота-онам ва устозларимнинг ишончини оқлаш.
Дарвоқе, Умиджон Сайфутдиновда иккинчи истеъдоди ҳам бор. Болалигидан адабиётга меҳр қўйиб, шеърлар ёзиб туради. Ватанпарварлик ва ички ишлар органлари ходимлари ҳақида ёзган бир қатор ижодий ишлари газета-журналларда эълон қилинган. 2018 йилда «Онажоним» номли шеърий тўплами ҳам нашр этилган.
— Ватан ҳақида қуйидаги янги мисраларни қоғозга тушираётгандим, — дея ҳали сиёҳи қуримаган шеъридан ўқиб берди:
Ватан мени улғайтирган, Шарафим ҳам шонимсан.
Кўзимнинг оқу қораси, Кўксимдаги жонимсан.
Боболарим ётган тупроқ, Она ер — маконимсан.
Дунё ичра энг улуғим, Ҳур Ўзбекистонимсан.
Абдувосит Сидиқов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Фарғона вилояти
