Малакали кадрлар — ютуқлар гарови. Ҳал қилувчи омил
2025-12-30 07:55:00 / Янгиликлар

Тараққиёт тезлашгани сари, мутахассислардан талаб ҳам ошиб бораверади. Малакали кадрларга эҳтиёж кучаяди. Айниқса, ҳозирги тезкор замонда ҳуқуқ-тартибот посбонлари саналмиш ички ишлар органлари ходимлари зиммасидаги масъулият салмоғи ортмоқда.
2025 йилнинг ўтган даври мобайнида 1262 нафар ходим малака ошириш, қайта тайёрлаш ўқув курсларида таҳсил олди. Хизматга танлов асосида қабул қилинганлар бошланғич касбий тайёргарлик ўқув йиғинига жалб қилинди. Шунингдек, 16 нафар ходим раҳбарлик лавозимларига тайинлаш, 57 нафар ходим эса сафдор ва сержантлар таркибидан офицерлар таркибига ўтказиш учун ўқув курсларида иштирок этди.
Ички ишлар органида хизмат фақат қонунни билиш билан чекланмайди. У инсон психологиясини чуқур англаш, мураккаб вазиятларда тезкор ва тўғри қарор қабул қилиш, ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, мулоқот маданиятини эгаллаш, жисмоний бардамлик ва руҳий барқарорликни сақлаш каби ўнлаб талабларни ўз ичига олади.
Тизимда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида айнан кадрлар салоҳияти масаласи турибди. Инсон ресурсларини бошқаришнинг янги модели, малака ошириш курслари, психологик тайёргарлик дастурлари, замонавий ўқув тренажёрлари: буларнинг барчаси битта мақсадга — малакали кадрларни тарбиялашга хизмат қилади.
Ўтмишда тажриба етмаса, куч етар эди. Энди эса куч етсада, билим етарли бўлмаса, хизмат самаралилиги бўлмайди. Давр талаби шундай. Бугунги кунда жиноятчиликнинг камайиши, фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимояси кучайиши, жамоат хавфсизлигининг мустаҳкамланиши — булар соҳадаги кадрлар салоҳиятига таянади.
Айтиш жоизки, Самарқанд вилояти ИИБ таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида кадрлар тайёрлаш масаласи сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Ўқув машғулотлари савияси замонавий жараёнларга мос равишда ошди, амалиёт билан назария уйғунлаштирилди. «Устоз-шогирд» анъаналари янада кучайди. Уч авлод учрашувлар ўз самарасини беряпти.
Технологиялар юқори суратларда ривожланяпти, ахборот оқими тезлашди. Шунга мос равишда вилоятда ички ишлар органлари бугун видеотаҳлиллар, маълумотлар базалари интеграцияси, «Хавфсиз шаҳар» дастури билан фаол ишлаяпти. Бироқ бир нарса ўзгармаган. Ҳар қандай замонавий техника ва технологияларнинг бошқарувчиси инсон. Бу жараёнда ходимлардан тажриба, маҳорат, билим, салоҳият талаб этилади.
Ҳар бир тонгимиз осойишта, тунимиз тинч бўлиши, ҳар бир инсон хотиржам ухлаши -булар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунинг замирида ўз умрини эл-юрт тинчлик-осойишталигини таъминлашга бағишлаган малакали ходимларнинг заҳматли хизмати ётибди. Уларнинг касбий маҳорати жамоат тартибини, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
Миржалол ЖАҲОНГИРОВ, капитан, Умида МАМАДАЛИЕВА, ўз мухбиримиз.
Самарқанд вилояти.
