ИИВ тизимида «Энг намунали оила» кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди
2024-05-13 16:55:00 / Янгиликлар

Ички ишлар органларида «Соғлом оила – соғлом жамият» ғоясини татбиқ этиш, оилавий қадриятларни сақлаш ва намунали оилаларнинг ҳаётий тажрибаларини оммалаштириш мақсадида барча вилоятлар кесимида ўтказилиб келинаётган «Намунали оила» кўрик-танловининг республика финал босқичи ўтказилди. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ҳамда вилоятлар шунингдек, Қоровул қўшинлари қўмондонлигидан ташриф буюрган жами 17 та жамоа 3 та шарт бўйича ўзаро беллашишди.
Даставвал, тадбирни Ички ишлар вазирлиги маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти ўринбосари кириш сўзи билан очиб бериб, «Намунали оила» кўрик-танловининг финал босқичигача етиб келган барча оилаларга омад тилади. Шундан сўнг муросасиз ва қизиқарли танлов бошланди. 1 шартда иштирокчи оилалар ўзларини таништиришди. Шунингдек, оилавий қадрият ва миллийлигимизни акс эттириш, оиладаги ҳамжиҳатлик ва меҳр оқибат ғояларини намойиш этишди. Иккинчи шартда эса оилалар томонидан тайёрланган «Менинг оилам» номли видеоролик ҳакамлар ҳайъати аъзолари ҳамда томошабинларга намойиш этилди.
Учинчи шартда иштирокчилар ўзларининг қай даражада китобхон эканлигини кўрсатди. Китобхон оила шартида турли асарлардан иштирокчи оилаларга саволлар берилди. Китоблар мутолаа қилишни оилавий анъанага айлантириб улгурган жамоаларга ушбу шарт қийинчилик туғдирмади.
Шартлар сўнгида ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан оилавий жамоаларга қўйилган умумий баллар ҳисобланди. Натижаларга кўра 3 ўринни Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани ички ишлар бўлимидан ташриф буюрган Исмоиловлар оиласи қўлга киритди.
Шунингдек 2 ўринга Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасидан иштирок этган Маматовлар оиласи муносиб кўрилган бўлса, фахрли 1 ўринни Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати ходими Усмоновлар оиласи қўлга киритди. Ғолибларга вазирликнинг диплом эсдалик совғалари ва пул мукофотлари топширилди. Бундан ташқари барча иштирокчи оилалар турли номинациялар билан рағбатлантирилди.
Шунингдек тадбир сўнгида ички ишлар вазирлиги Ашула ва рақс ансамбли хушовоз хонандалари томонидан куйланган куй ва қўшиқлар барчада унутилмас таассурот қолдирди.
Таъкидлаш жоизки, бу каби ўтказилаётган танловлар ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ўз истеъдод ва қобилиятларини намойиш этишига, бошқа оилаларга намуна бўлишига хизмат қилади.