Туман ИИБда. Жондорда осойишталик
2024-05-13 10:10:00 / Янгиликлар
Бухоро вилоятининг Жондор тумани ИИБ ходимлари юрт осойишталигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олишдек масъулиятли ҳамда хайрли вазифани бажаришга муносиб ҳисса қўшиб келишяпти. Туман ИИБ фаолияти билан танишарканмиз, бунга яна бир карра амин бўлдик.
— Жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар анчайин салмоқли, дейди туман ИИБ бошлиғи ўринбосари, майор Одил Умуров. Бунда барча соҳавий хизмат ходимлари, маҳалла «еттилиги» ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилаётган профилактик тадбиру тарғиботларнинг аҳамиятини ҳам таъкидлаш мумкин. Шунинг натижасида қотиллик, оғир ва ўртача тан жароҳати етказиш, оилавий зўравонлик, босқинчилик, талончилик каби жиноятлар умуман қайд этилмади, фирибгарлик, ўғрилик ҳамда безорилик жиноятлари эса кескин камайишига эришилди. Содир этилган жиноятларни фош қилиш кўрсаткичи ҳам яхшиланди.
Жорий йилнинг 12 март куни туман ИИБ ТҚКГ ҳамда ЙҲХГ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган рейд тадбирлари жараёнида «Шўробод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи «М-37» автомагистраль йўлида қарама-қарши йўналишда кетаётган «Armada motors» русумли мопед ҳайдовчиси Q.U. тўхтатиб текширилганда, унинг ёнидан 3 дона оқ целлофан пакетга ўралган кўкимтир рангли, ўткир ҳидли 38,08 грамм миқдоридаги марихуана гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида холислар иштирокида унинг яшаш хонадони ётоқхонасининг кираверишидаги пол тагидан ҳам целлофан пакетга солинган умумий вазни 155,8 граммни ташкил қилган марихуана гиёҳвандлик воситаси чиқди.
Ўтган уч ой давомида жазони ижро этиш колонияларидан келган 11 нафар маҳкумга бир марталик моддий ёрдам пуллари берилгач, Пробация гуруҳи томонидан тўғри турмуш тарзини таъминлаш мақсадида улар ишга жойлаштирилди. Шундан 6 нафари қайта касбга ўқитилди. Жазодан бўйин товлаб келган 9 нафар маҳкумга оғирроқ турдаги жазо тайинланди. Меҳнатга ҳалол ва виждонан ёндашгани учун 17 нафар маҳкум жазодан шартли равишда озод қилинди.
«Шўробод» маҳалласи туманнинг намунали ҳудудларидан бири ҳисобланади. Бу ерда асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланишади. Маҳалладаги 185 та оила бошлиғи тадбиркорлик билан шуғулланади. Шунингдек, ўнга яқин корхоналар фаолият кўрсатади. Аҳолининг аксарияти шу корхоналарда ишлашади. Профилактика инспектори, катта лейтенант Темир Очилов маҳалла раиси ва фаоллар билан ҳамкорликда хизматни ташкиллаштирган. «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили асосида жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар билан профилактик тарғиботларни кучайтирган тартибда олиб бормоқда. 10 нафар уюшмаган ёшларга 20 сотихдан ер майдони ажратилиб, улар деҳқончилик қилишлари учун шароит яратилди. Бундай ишлар ўз самарасини беряпти. Маҳалла ҳудудида уч йилдан бери жиноят қайд этилмади, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кескин камайди.
Мирзоқул Аҳадов, ўз мухбиримиз. «Постда»
Бухоро вилояти