Халқ билан мулоқот: Бухоро шаҳрида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди
2025-12-24 11:40:00 / Янгиликлар

Бугун, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигида Бухоро шаҳридаги Касбий кўникмалар марказида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди. Қабулда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда вилоятдаги мутасадди идоралар раҳбарлари иштирок этдилар.
Учрашув давомида фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар соғлиғини тиклашга амалий ёрдам кўрсатиш, моддий кўмак, тадбиркорликни ривожлантириш, кредит ва субсидия масалалари, ишга жойлашиш, уй-жой, кадастр, қурилиш ҳамда ҳуқуқ соҳаларига оид масалаларни ўз ичига олди.
Жойнинг ўзида ҳал этиш имконияти мавжуд мурожаатлар бўйича ижобий ечимлар топилди. Айрим мурожаатчиларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қўшимча ўрганишни талаб этган мурожаатлар эса мутасадди ташкилот раҳбарларига аниқ муддатлар белгиланган ҳолда топшириқ сифатида юклатилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.
Шунингдек, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан жамоат хавфсизлиги, профилактика, жиноятчиликка қарши курашиш, суд-ҳуқуқ ҳамда тергов-суриштирув масалаларига оид ўнга яқин мурожаатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Бундай сайёр қабуллар халқ билан мулоқотни янада мустаҳкамлаш, фуқаролар ишончини ошириш ва муаммоларни жойида ҳал этиш орқали амалий натижаларга эришишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизмати









