«Нелсон Мандела қоидалари» халқаро ўқув дастури асосида ўқув курси ташкил этилди
2024-05-11 11:35:00 / Янгиликлар

Юртимизда инсон ҳуқуқлари, қадр-қиммати, шаъни ҳар доим улуғ саналган. Гарчи у билиб билмай жиноят содир этган, суд ҳукми билан жазога тортилган шахс бўлса-да, унга қонун доирасидан чиқиб муомала қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Кейинги йилларда мазкур масалага Президентимиз томонидан янада жиддий эътибор қаратила бошланди. Жазони ижро этиш муассасаларида мутасадди идоралар вакиллари мониторинг ташрифлар ўтказишяпти, маҳкумлар билан якка ва умумий тартибда суҳбатлар ўтказилмоқда. Қолаверса соҳа ходимлари билан қийноқларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар, машғулотлар ўтказиб келинмоқда.
Жорий йилнинг 30 апрелдан 3 май кунигача Тошкент вилоятида «Нелсон Мандела қоидалари» халқаро ўқув дастури билан танишиш бўйича ўқув қўлланмаси асосида қийноқларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш» мавзусида мутахассисларни тайёрлаш бўйича тўрт кунлик ўқув курси ташкил этилди.
Мазкур дастур 2023-2024 йилларга мўлжалланган ЕХҲТ лойиҳаларини Ўзбекистонда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» доирасида ўтказилди.
Бундан кўзланган мақсад эса Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД тизимидаги муассасаларнинг масъул ходимларини қийноқларнинг олдини олиш ва инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш бўйича халқаро стандартлар билан таништириш бўлди.
Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида «Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни жорий этиш доирасида биз одамнинг қадр-қимматини ерга урадиган, инсонийликка зид бўлган қийноқларнинг ҳар қандай кўринишига бундан буён ҳам мутлақо йўл қўймаймиз. Бундай жиноятлар қачон содир этилганидан қатъи назар, улар учун жазо муқаррардир», дея таъкидлаган эдилар. Ўтказилган тренинг ҳам Президентимизнинг ана шу қатъий талабларини амалда татбиқ этишга қаратилди.
Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Семинарнинг дастлабки кунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Инсон ҳуқуқлари бўлими бошлиғи Андреа Хубер, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Антти Карттунен, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти директори Мурод Турғунов ва бошқалар сўзга чиқиб, мавзу доирасида ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Тренинг доирасида Нелсон Мандела қоидаларининг асосий тамойиллари ва ушбу қоидаларга киритилган ўзгартиришларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига эътибор қаратилди. Тегишли ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, маҳкумларни қийноқлар ва шафқатсиз муомаладан ҳимоя қилиш юзасидан жазони ижро этиш муассасалари ходимларининг билимини ошириш ва кўникмаларини шакллантириш масаласи алоҳида диққат марказида бўлди.
Бир сўз билан айтганда ўтказилган тадбир иштирокчилар учун инсон ҳуқуқларини таъминлаш, қийноқларнинг олдини олиш каби масалаларда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Тренинг сўнггида иштирокчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.
ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Ахборот хизмати




