Сурхондарё вилояти ИИБда хизмат фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган семинар ўтказилди
2025-12-19 10:50:00 / Янгиликлар

Унда вилоят ИИБ Ташкилий бошқармаси ходимлари, шаҳар-туман ички ишлар бўлимларининг ташкилий бўлинмалари, навбатчилик қисмлари ҳамда назорат-ўтказиш пунктларида хизмат олиб бораётган ходимлар иштирок этишди.
Семинар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг масъул ходимлари иштирокида ўтказилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ташкилий департаменти Юридик таъминлаш бошқармасининг катта юрисконсульти, катта лейтенант Г. Ўралов маъруза билан сўзга чиқди.
Маъруза давомида Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати ҳамда унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари биноларига кириш-чиқиш режимини белгилаш, алоҳида қўриқлаш отрядларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари мазмун-моҳияти кенг ёритиб берилди. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги биноларга кириш-чиқиш режимини ўрганиш бўйича берилган топшириқлар ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар тақдим этилди.
Сўнгра семинар иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаментининг катта инспектори, капитан Н. Жумаев маъруза қилиб, ички ишлар органлари биноларига кириш-чиқиш тартибига қатъий риоя этиш, шунингдек, фуқаролар билан мулоқот жараёнида муомала маданиятига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтди. Айниқса, мурожаат билан келган фуқароларга ҳурмат ва хушмуомалалик билан ёндашиш хизмат фаолиятининг муҳим жиҳатларидан бири эканлиги қайд этилди.
Семинар якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан эшитилган ҳисоботлар, билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича илгари сурилган таклифлар инобатга олиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ушбу семинар ички ишлар органлари ходимларининг касбий салоҳиятини ошириш, хизмат фаолиятида қонунийлик ва интизомни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати








