Биз гиёҳвандликка қаршимиз. Катта «доза«лар манзилига етмади
2025-12-19 08:15:00 / Янгиликлар

ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Бекобод туманида тезкор тадбир ўтказилди. 2002 йилда туғилган фуқаро Бекобод тумани Тошкент автойўли яқинида 1 килограмм 60 грамм опий, 972 грамм гашиш гиёҳвандлик воситаларини харидорга 18 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди.
Ўтказилган тезкор тадбир натижасида 10 минг 660 дозага тенг бўлган 2 килограмм 132 грамм гиёҳвандлик воситалари тарқалишининг олди олинди. Мазкур ҳолат юзасидан ушбу фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддасига кўра, озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин.
Кейинги манзилда психотроп модда ҳисобланган 1000 дона «регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйишди.
Гумонланувчилар ўз қилмишларини беркитиш мақсадида психотроп моддаларни истеъмолда бўлган витамин қутиларига жойлаб тарқатишни кўзлашган экан.
Яна бир тезкор тадбир давомида 1997 йилда туғилган шахс ва унинг жиноий шериги, 1993 йилда туғилган аёл «Сирдарё-Тошкент» йўналиши бўйлаб автомашинада ҳаракатланиб кетаётган вақтида «Чиноз» ЙПХ масканида тўхтатилиб текширилганида, машина салонидан 5000 дозани ташкил қилувчи 1000 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди. Дори воситалари ашёвий далиллар ҳужжатлаштириб олинди.
Кучли таъсир қилувчи синтетик психотроп моддалар инсон онгига, руҳий ҳолатига ва жисмоний саломатлигига бевосита салбий таъсир кўрсатувчи хавфли кимёвий бирикмалардир.
Вилоят ҳудудида бу каби ҳамкорликдаги тезкор тадбирлар давом этмоқда.
Ўз мухбиримиз. Тошкент вилояти.
