Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида «Биз нима учун китоб ўқишимиз керак» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди
2024-05-06 10:45:00 / Янгиликлар

Унда Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), «Содиқ хизматлари учун» медали соҳиби, «Лидерлар китоби» муаллифи Отабек Абдурашидович Ҳасанов, Институт раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари, ходимлари ҳамда «Фуқаролар билан ишлаш» модули бўйича таҳсил олаётган тингловчилар иштирок этди.
Тадбир аввалида мавзуга оид видеоролик намойиш этилди.
Давра суҳбатини Институт бошлиғи, техника фанлари номзоди, доцент, полковник Олимжон Ахмедов кириш сўзи билан очиб, меҳмонни таништирди.
Тадбирда Отабек Ҳасанов бугунги кунда мамлакатимизда китобхонликка, хусусан, ёшларни китоб мутолаасига рағбатлантириш борасида тинимсиз ҳаракат олиб борилаётганлигини, танловлар, акциялар, учрашувлар, тарғибот тадбирлари ўтказилаётганлигини, буларнинг замирида битта мақсад – аҳолини китобхонликка ўргатиш, унутилаёзган анъаналарни тиклаш ва илмга йўналтириш мужассамлиги ҳақида маълумот берди. Зеро, илму маърифат, кенг дунёқараш, маънавий етуклик элу юрт тараққиётини, унинг тинчлиги ва фаровонлигини белгиловчи омиллардан бири саналишини таъкидлади.
Китоб ўқиш аҳамияти ва ўқимаслик оқибати ҳақда фикр-мулоҳазалар билдирди. Оилада ҳам ота-оналар, катталар ўзи ўқиган китоб ҳақида ёш авлодга гапириб беришни одат қилиши муҳим, дейди нотиқ. -Фарзандлар нима ўқияпти, кимнинг қандай асарини мутолаа қиляпти? Бу билан қизиқишимиз, вақти келганда шу асар бўйича баҳс-мунозара қилишмиз керак.
-Китоб ўқимасликка мингта баҳонамиз бор, бироқ китоб ўқиш учун битта бўлса ҳам баҳона топайлик, бу – Инсонийликни сақлаб қолиш бўлсин, деди Отабек Ҳасанов.
Давра суҳбати иштирокчиларининг китоб ўқишга қизиқишини ошириш учун ўзининг таклиф ва тавсияларини берди.
ИИВ Малака ошириш институти Матбуот хизмати